Олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган абитуриентлар учун вакант ўринларга қайта танлов ўтказилади. Унда абитуриентларга камида бешта таълим йўналишини танлаш имконияти берилади. Бу ҳақда Олий таълим ташкилотлари департаменти бошлиғи Абдусамат Маманазаров 18 август куни журналистларга берган интервьюсида маълум қилди.
Маълум қилинишича, қайта танловда тегишли фанлардан имтиҳон топширган, юқори балл тўплаган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар иштирок этиши мумкин. Танлов олий таълим ташкилотларининг қабул квоталари доирасида қолган бўш ўринлар учун ўтказилади.
Қайта танловни келаси ҳафтада ўтказиш режалаштирилган. Унда абитуриентларга камида бешта таълим йўналишини қайта танлаш имконияти берилади.
"Бизда содда қилиб айтганда, “олтинчи йўналиш” деган тушунча бор. Лекин у ерда ҳам биз камида бештагача йўналиш танлаш имкониятини яратамиз. Кейинги ҳафтага режалаштирилган", — деди Абдусамат Маманазаров.
Шунингдек, ўқишга кира олмаган абитуриентларда табақалаштирилган тўлов-контракт, яъни супер-контракт асосида талаба бўлиш имконияти ҳам мавжуд.
Ўтган йилдан бошлаб олий таълим муассасаларига супер-контракт миқдорини мустақил белгилаш ваколати берилган. Кириш баллига 1 баллдан 4 баллгача етмаган абитуриентлар учун супер-контракт миқдори етмаган баллга қараб белгиланади.
Жумладан:
— 1 балл етмаган бўлса — базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баравари;
— 2 балл етмаган бўлса — 2 баравари;
— 3 балл етмаган бўлса — 2,5 баравари;
— 4 балл етмаган бўлса — 3 баравари миқдорида тўлов амалга оширилади.
56,7 баллдан юқори балл тўплаган, бироқ кириш чегарасидан 4 баллгача кам қолган абитуриентлар учун супер-контракт миқдорини олий таълим муассасаларининг ўзи белгилайди.






