АсосийМАДАНИЯТ

“Ўзбеккино” МА да журналист ва блогерлар учун “Тенгиз” бадиий фильмининг ёпиқ тақдимот маросими бўлиб ўтди

Куни кеча “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳовлиси меҳмонлар билан гавжум бўлди. Бу ерда журна...

'“Ўзбеккино” МА да журналист ва блогерлар учун “Тенгиз” бадиий фильмининг ёпиқ тақдимот маросими бўлиб ўтди'ning rasmi

Куни кеча “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳовлиси меҳмонлар билан гавжум бўлди. Бу ерда журналист ва блогерлар учун “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан “Қорақалпоқфильм” ДУК томонидан тасвирга олинган"Тенгиз" бадиий фильмининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. 

Тадбир аввалида ош тарқатилди. Тадбирни “Ўзбеккино” МА раҳбари Фирдавс Абдухолиқов очиб берди. Фильм ижодкорлари таништирилди. Тадбирга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиёзов ижросидаги қўшиқлар кўрк бағишлади.Сўнг очиқ ҳаво остида катта экранда “Тенгиз” бадиий фильми намойиш этилди.

"Тенгиз" – аёл фожиаси ва матонати ҳақидаги киноасардир.

Фильмда эрининг хиёнатидан сўнг бахтсиз ҳодиса сабаб поезд остида қолиб ногиронга айланган аёлнинг кейинги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Картинани “Аросат”, “Қудуқ” каби фильмлар режиссёри Мансур Абдухолиқов суратга олган. Режиссёр бу гал ҳам одатига хос равишда бир инсон тақдири орқали жамиятимиздаги оғриқли муаммоларни кўтариб чиққан. Кинокартина Мўйноқ туманида суратга олинган.

Фильм сценарийсини Ғафур Шермуҳаммад ҳамда Шуҳрат Ризаев ёзишган. Картинада бош ролларни Ситора Фармонова, Феруза Саидова, Роза Пиязова каби маҳоратли актрисалар ижро этишган. Фильмда бош қаҳрамоннинг шахс сифатида шаклланишида тиргак бўлгувчи дугонаси ролини таниқли актриса Феруза Саидова ўйнаган.Фильм ёрқин, хаётий воқеаларга бой.

Тақдимот маросими давомида фильмда бош қаҳрамон образини яратган актриса Ситора Фармоновани билан суҳбатга чорладик.

"Тенгиз" фильмида бош қаҳрамон ролини ижро этгансиз, шу фильмга келиш, суратга олиш жараёни ҳақида гапириб беринг.

– Мазкур фильм кастингига мени режиссёр Мансур Абдухолиқов чақирган. Ҳамма қатори кастинг топширганман. Ўтганимда жуда хурсанд бўлдим. Чунки сценарийни ўқиганимда Тенгиз образи менга жуда ёққанди. Бу ролни ўйнашни дилимга туккан эдим. Унга эгалик қилиш учун жон-жаҳдим билан курашганман.

Асар қаҳрамони тасодиф туфайли ногиронга айланиб қолса-да, тушкунликка тушмай, тикувчиликни ўрганиб, тадбиркорликни бошлайди. Мазкур хислат сизга қанчалик яқин?

–Менинг ҳар икки бувим ҳам катта тикувчи бўлишган. Ўзим ҳам ҳалигача тикувчилик билан шуғулланиб тураман. Оқшом либосларимни ўзим тикаман. Шунинг учун бу соҳа менга жудаям яқин, десам адашмайман. Тикувчиликни асосий хоббиларимдан бири десам ҳам бўлади.

Фильмда ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган Оролбўйи экологик вазият муаммолари ҳам ўз аксини топган. Мазкур муаммога муносабатингиз?

– Албатта, бу жуда глобал муаммо. Орол денгизи қуришидан инсонлар азият чекмоқда. У ерга бориб, суратга олиш жараёнида бу қанчалик катта муаммо эканлигини ўз кўзим билан кўрдим, Орол денгизининг дардини тушундим. Оролбўйида вазият оғир... Кўнглимдан ўтган ҳиссиётларни сўз билан таърифлашга ожизман. 

Хиёнатга учраган Тенгизнинг ўрнида сиз қандай йўл тутган бўлардингиз?

–Авваламбор, Илоҳим, унинг ўрнида бўлмай, чунки бу қаҳрамоннинг ҳаёти жудаям оғир. Худо кўрсатмасин-у, мен ҳам Тенгизга ўхшаб, ўзимни қўлга олган бўлардим. Ўзини мақтаяпти деманг-у, жудаям иродаси кучли қизман. 

Фильмни суратга олиш давомида ўта иссиқ ҳарорат сабабли юрагингиз қаттиқ безовта қилишига қарамай, съёмкани давом эттиргани экансиз. Шу ростми?

–Ҳа, ҳақиқатан ҳам фильм айни ёзнинг чилласида суратга олинган. Ўшанда рўза ойи эди. Мен ҳам рўза тутгандим. Кун иссиқ, қуёш аёвсиз куйдирганидан мазам қочиб, юрагим хуруж қилган. Мени касалхонага олиб боришган. Тобим қочганига қарамай, бу қаҳрамонни шу даражада яхши кўрганим учун соғлигимдаги муаммолар, бетоблик кўзимга кўринмади.

Фильмда бош қаҳрамоннинг шахс сифатида шаклланишида тиргак бўлувчи дугонаси ролини ўйнаган актриса Феруза Саидова билан ҳаётдаги муносабатингиз?

–Феруза жудаям яхши аёл, жудаям яхши дугона. Қолаверса, жудаям зўр партнёр. Фильмни суратга олиш жараёнида у билан маза қилиб роль ўйнадим. У ўз ишининг устаси, профессионал актриса. Феруза суратга олиш жараёнларида катта ёрдам берди. Партнёрингиз профессионал бўлса, жудаям осон бўларкан, мен у билан маза қилиб, роль ўйнадим. Ферузага ҳурматим чексиз, у билан ҳаётда ҳам дугонамиз.

Қаҳрамонингизнинг қайси жиҳатлари сизга ёқди, қайсиларидан кўнглингиз тўлмади?

–Қаҳрамонимнинг ҳаётидаги қийинчиликларга қарамай, тушкунликка тушмагани, иродаси кучлигиги, мардлиги, шижоати ёқди. У фақат олға интилади, Тенгиздан мана шу хислатларни ўргандим. Кўнглим тўлмаган жойи – охирги финал саҳна суратга олинаётганда яна дубль сўраганман, аммо режиссёр – Мансур Абдухолиқов "Ҳаммаси зўр чиқди", деб кўнмаган.

Фильмда "Сизнингча муҳаббат нима?" деган сўзлар янграйди. Сиз учун муҳаббат нима?

– Мен учун муҳаббат – Аллоҳга, ота-онамга бўлган муҳаббатдир...

Ролга киришиб, унинг таъсиридан чиқа олмай қолган вақтингиз бўлдими?

– Албатта, бир ярим ой давомида қайтадан Ситора Фармоновага айланишим бироз қийин кечди. Чунки "Тенгиз" фильмининг суратга олиниши учун бир йил мобайнида тайёрландик. Ҳатто съёмка жараёнида Мансур ака қўлимдан телефонимни олиб қўйди. Ташқи дунёдан бутунлай узилиб қолдим, ҳеч ким билан мулоқот қилмадим. Шунча вақт давомида Тенгиз образида яшаганим туфайли ўзлигимга қайтиш бироз оғир бўлди. 

"Тенгиз" бадиий фильмининг суратга олинишида юзага келган қизиқарли ва эсда қоларли воқеалар ҳақида гапириб беринг.

–Қизиқарли воқеалар жудаям кўп бўлган. Агар уларнинг ҳаммасини айтадиган бўлсам, кун давомида гапиришимга тўғри келади. Лекин энг эсда қоларлиси ўша мазам қочиб, юрагим хуруж қилгани, кейин 40 кишидан иборат гуруҳимизнинг поездда Қорақалпоғистонга 16 соат давомида йўл юрганимиздир. 40 киши битта вагонда кетганмиз, ҳамма бир-бирига меҳрибон, топганини ўртага қўйиб, биргаликда баҳам кўрганмиз, битта оилага айланганмиз. Ўша пайтларни ҳозир ҳам ўзгача соғинч билан ёдга оламан. Яна бир эсда қоларли ҳолат – "Тенгиз" бадиий фильмида қаҳрамонимнинг поезд тагига тушиб кетадиган жойини дублёр эмас, ўзим бажарганман. Ўшанда юрагимни эгаллаган ваҳима ва даҳшатли қўрқувни ҳамон унута олмайман. 

Лола ШОИМОВА

    Бошқа янгиликлар