Тошлоқ туманида бир инсон ўлими билан тугаган ЙТҲ содир бўлди, деб хабар бермоқда Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
Воқеа 17 август куни юз берган. Таъкидланишича, фуқаро Э.Х. “Damas” русумли автомашинасини Яккатут МФЙ ҳудудида бошқариб кетаётиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган А.Т. бошқарувидаги “Иж” русумли мотоцикл билан тўқнашиб кетган. Оқибатда мотоцикл ҳайдовчиси А.Т. тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Афсуски, бир инсон бу ЙТҲнинг қурбони бўлди. Агар сергакликни оширмасак бундай қурбонлар кўп бўлаверади. Шу муносабат билан ИИБ автотранспорт бошқарувчиларини йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга, ҳаракатланиб келаётганда тезликни оширмасликка чақиради.






