Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Алия Юнусова бошчилигида Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори ходимлари Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги Ўртасарой карантин ҳудудига ташриф буюрди.
Ташрифдан кўзланган мақсад - карантин шароитида сақланаётган вояга етмаган болаларнинг яшаш шароити, овқатланиши, тиббий хизматдан фойдаланиши каби ЖССТ тавсиялари нечоғлик бажарилаётганини ўрганишдан иборат бўлди.
Тақдим этилган маълумотларга қараганда, ушбу карантин ҳудуди Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг доимий эътибори ва таъминотида ҳисобланади. Бугунги кунга қадар бу ерда 108 минг 696 нафардан зиёд фуқаро белгиланган карантин муддатини ўтаган. Шундан 4 минг 805 нафари вояга етмаган болалардир.
20 август ҳолатига кўра, карантинда 342 та вояга етмаган болалар ҳамда 329 та ҳомиладор аёллар сақланмоқда.
Карантин ҳудудида фуқаролардан коронавирусга тест олиш ва тест жавобларини қисқа муддатда аниқлаш учун замонавий лаборатория маркази ташкил этилган. Ушбу лабораторияда тест жавоблари бир кунлик муддатда чиқиши бу фуқароларнинг ортиқча ушлаб қолинишини олдини олади.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қизил ҳудудда бўлган вояга етмаган болалар ва ҳомиладор аёллар билан телефон орқали мулоқот қилди. Уларнинг яшаш шароитлари, мавжуд муммолар юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди.
Карантин ҳудуди маъмурияти билан хамкорликда бола ҳуқуқларини таъминлаш, уларда юзага келадиган муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш юзасидан келишиб олинди.
Фото:













