Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Қирол Холид халқаро аэропортига 10 октябрь куни ҳужум қилингани оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, 300 дан ортиқ одам жароҳатланди. Бу ҳақда Reuters расмийларга таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, бу бир ҳафта ичида аэропортга уюштирилган учинчи ҳужум ҳисобланади. Ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар Саудия Арабистони, икки нафар Бангладеш фуқароси, шунингдек, АҚШ, Иордания, Фаластин, Сурия, Судан ва Миср фуқаролари бор.
Жароҳатланганлар сони 309 нафарга етган. Уларнинг айримлари оғир аҳволда экани айтилмоқда.
"Касалхоналар тез ёрдам машиналари ва вертолётларда олиб келинган ярадорлар билан тўлиб кетган", деган вазиятдан хабардор манба.
Ҳафта давомида аэропортга уюштирилган аввалги икки ҳужум оқибатида ҳам тўрт киши ҳалок бўлган. Шунингдек, учиш-қўниш йўлагида турган Саудия Арабистонининг йўловчи самолёти жиддий зарар кўрган.
Саудия расмийлари ҳужумлар учун жавобгарликни Ямандаги ҳусийлар зиммасига юклаган. Ҳусийлар эса ижтимоий тармоқдаги баёнотида самолётлар Саудия Арабистонини тарк этиши кераклигини билдириб, мамлакатни "ҳарбий операциялар ҳудуди" деб эълон қилган.






