Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида юк машинаси тормоз тизимидаги носозлик туфайли саккизта автомобиль билан тўқнашди.
Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг маълум қилишича, ЙТҲ 10 октябрь куни соат 09:40 атрофида туманнинг Нефтчилар маҳалласидаги Кончилар кўчасида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 48 ёшли Ў.А. бошқарувидаги тупроқ ортилган «HOWO» юк машинасининг тормоз тизимида носозлик юзага келган. Натижада ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган Cobalt, Nexia, BYD Song Plus ва Nexia 2 автомобилларига урилган. Шунингдек, йўлнинг ўнг томонида тўхтаб турган Nexia 3, Damas ва Matiz русумли автомобиллар билан ҳам тўқнашган. Ҳодиса оқибатида кўча бўйидаги дўконларга ҳам зарар етган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида уч нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган. Юк машинаси ҳайдовчиси ва яна уч киши турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






