Ижтимоий тармоқларда Сергели туман тиббиёт бирлашмасининг собиқ раҳбарининг видео мурожаати тарқалди. Унда айтилишича, 6 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлигига чақиришиб, ишдан бўшаши ҳақида ариза ёзишини сўрашган. Сабабини сўраганда кадрлар бўлими юқоридан топшириқ бўлганлиги билан изоҳлаган.
Ушбу видео мурожаатда Муножот Абдуллаева ўзини ҳисоботлар қурбонига айланганини айтган. Оилавий поликлиникалардаги ҳақиқий аҳвол, ССВ томонидан бериладиган оғзаки топшириқлар ҳақидаги ўз ҳақиқатларини ошкор этган.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Мирзо Улуғбек туман Кенгаши раиси Айгул ПЕРНЕБЕКОВА М. Абдуллаевага бўлган муносабатни қоралаб чиқди.
" Сергели туман тиббиёт бирлашмасидаги бутун раҳбарлик фаолияти давомида тер тўкиб ишлади ва том маънода беморлар билан яшади, десам муболаға бўлмас. Кўплаб ёрдамга мухтож инсонлардан ўз мурувватини аямасдан келди.
Жумладан, ногирон бўлиб қолган аммо ногиронлик нафақасини расмийлаштиролмай юрган фуқароларнинг ҳеч бир таъмасиз, беғараз ногиронликка чиқишига кўмак берар эди.
Туманда сурункали ва юқумли касалликлар оқибатида ўлим ҳолатларини қисқартириш учун тизимли ишлар қилиб, ўз назоратига олиб яхши натижаларга ҳам эришди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун ўз ходимларига 6 қаватли туман тиббиёт бирлашма биносида умуман лифтдан фойдаланмасликка чақириб, шу орқали инсонни соғломлаштиришга хизмат қиладиган кунлик 5000 қадам яёв юриш машқини доимий йўлга қўйганди.
У кишини бутун туман аҳли ҳамиша ўта масъулиятли, жонкуяр ва камтар раҳбар, деб билган. Хизматларидан рози бўлган. Ҳақиқатгўй, реал ҳолатни тўғри баҳолаб ҳеч қачон ўз нафсини, ўз тинчини биринчи ўринга қўймайдиган ҳурматга лойиқ инсонлигини ҳамма билади. Туманимиз аҳолиси ҳамда соғлиқни сақлаш тизими Муножот Маликовнанинг туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлигидан кетиши билан кўп нарса ютқазди, деб ўйлайман. Аксинча, бундай кадрларни доимо сақлаб қолиш зарур. Биз М. Абдуллаевага бўлган нохолис муносабатни қоралаймиз.", дейди халқ вакили.






