Ўзбекистонда 2027/2028-ўқув йили якунидан бошлаб дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ва корхоналар самарадорлиги бўйича рейтинг юритилади.
Президент фармонига кўра, энг юқори натижа қайд этган 3 тадан ОТМ ва корхона рейтингдаги ўрнига қараб 1, 2 ва 3 миллиард сўмдан рағбатлантирилади.
Рейтингда дуал таълим билан қамраб олинган талабалар улуши, уларнинг ўртача иш ҳақи ва ўзлаштириш кўрсаткичларига устуворлик берилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан муҳандислик, ишлаб чиқариш ва ишлов бериш, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги йўналишларида дуал таълимда ўқиётган ҳар бир талаба учун корхона томонидан тўланган иш ҳақи харажатларининг 50 фоизи ўқув йили якунида субсидия сифатида қопланади.
Корхоналарга дуал таълим учун ОТМ ҳудудида ташкил этилган амалиёт базасига олиб кириладиган айрим жиҳоз ва ускуналар учун 2030 йил 1 январга қадар 1 фоизлик божхона божи ставкаси қўлланади.
Бундан ташқари, битирувчиларнинг ишга жойлашиш кўрсаткичларини баҳолаш учун "Битирувчи сифати индекси" жорий этилади. Юқори натижа кўрсатган 20 та ОТМга 500 миллион сўмдан маблағ ажратилади.






