Самарқанд вилояти Нуробод туманидан Тошкент вилоятидаги "Ҳалқа" подстанциясигача 350 км узунликдаги 500 кВли икки занжирли электр узатиш тармоғи қурилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Лойиҳа Саудия Арабистонининг "ACWA Power" компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. У доирада 1000 МВт қувватли қуёш электр станцияси ва 1336 МВт·соатлик энергия сақлаш тизими ҳам барпо этилмоқда.
Тармоқ Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудидан ўтади. Айни пайтда таянчлар учун фундамент ишлари якунланиб, уларни ўрнатиш бошланган.
Шунингдек, лойиҳа доирасида яна 150 кмлик 220 кВли электр тармоғи қурилмоқда. Натижада жами 500 км электр узатиш тармоғи барпо этилади.
500 кВли Нуробод—Тошкент "Ҳалқа" тармоғини 2028 йилнинг биринчи чорагида якунлаш режалаштирилган. Лойиҳа янги электр қувватларини ягона тизимга интеграция қилиш ва ҳудудларнинг электр таъминоти барқарорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.






