Бугун, 4 октябрь куни Тошкент шаҳрида ёмғирдан олдин қисқа муддатли чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Бу ҳақда пойтахтда экологик вазиятни яхшилаш бўйича тузилган Махсус комиссия хабар берди.
Маълум қилинишича, глобал об-ҳаво моделлари ҳамда "Ўзгидромет" прогнозларига кўра, пойтахт ҳудудига нам ҳаво массалари кириб келишидан олдин шамол кучайиши эҳтимоли бор.
Шамол тезлиги секундига 3–8 метрга, айрим ҳудудларда эса 10–14 метргача кучайиши мумкин. Бу эса баъзи жойларда чанг-тўзонлар юзага келишига сабаб бўлади.
Қайд этилишича, бу жараёнлар натижасида атмосфера ҳавосидаги чанг заррачалари, хусусан, PM10 миқдори қисқа муддатга ошиши мумкин.
Айни пайтда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилиб борилмоқда.






