Бу ҳодиса ҳақида ФВВ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, ЙТҲ натижасида фуқаронинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ вазият 10 сентябрь куни Наманган вилоятининг Чортоқ туманида содир бўлган. Кескин бурилишда «КОБАЛЬТ» автомашинасининг ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, автомобиль бир неча марта ағдарилган ва яқин атрофдаги «Наманган» каналига тушиб кетган. Автомобиль ағдарилган вақтдаги куч ҳайдовчини машинадан улоқтириб юборган ва у воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, машина салонида яна бир нафар аёл киши бўлган. У эса аллақачон сув остида қолган машинадан хавфсиз чиқиб кетишга муваффақ бўлган.

Бир неча дақиқадан сўнг воқеа жойига Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари етиб келиб, тегишли амалий чоралар кўрилди.

Жабрланувчи касалхонага етказилди. Машина эса махсус техникалар ёрдамида каналдан олиб чиқилган, дейилади хабарда.






