АсосийJamiyat

Қарздорлик даражаси юқори бўлган 22 та туманда биринчилардан бўлиб замонавий газ ҳисоблагичлари ўрнатилади

'Қарздорлик даражаси юқори бўлган 22 та туманда биринчилардан бўлиб замонавий газ ҳисоблагичлари ўрнатилади'ning rasmi

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 сентябрь куни электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти жорий йил якунигача аҳолига 1,2 миллион дона, келгуси йилнинг биринчи ярмида яна 2,3 миллион дона замонавий газ ҳисоблагич ўрнатиши зарурлиги таъкидланди.

Бунда биринчи навбатда табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган 22 та туман ва шаҳар қамраб олинади. 4 мингдан зиёд йирик истеъмолчилар, газ қуйиш шохобчалари ва ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, 850 та иссиқхона автоматлаштирилган тизимга уланади. 

Энергетика вазирлигига ҳар бир туман, шаҳар кесимида ҳисоблагичларни етказиб бериш, ўрнатиш ва тизимга улаш ишларини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш топшириғи берилди.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ҳудудларда ишчи гуруҳлар тузиб, маҳалла раислари билан биргаликда аҳолига ҳисоблагичлар ўрнатишни ташкиллаштириш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш вазифаси қўйилди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” жамиятларининг техник ходимлари ва IT мутахассисларини ушбу замонавий тизим билан ишлаш, унинг барча имкониятлари ва қулайликларидан самарали фойдаланиш бўйича малакасини ошириш кераклиги таъкидланди. Ҳар бир ҳудудда ҳисоблагич ва бошқа ускуналарни таъмирлаш, уларга хизмат кўрсатиш тизимини яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда электр энергияси ва табиий газдан дебитор қарздорликни камайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Тармоқ раҳбарлари электр энергияси ҳамда табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот қилди.

    Бошқа янгиликлар