1

Самарқанддаги тарихий бинонинг бузилиши бўйича Маданият вазирлиги муносабат билдирди

МАДАНИЯТ 21.09.2020, 13:51
Самарқанддаги тарихий бинонинг бузилиши бўйича Маданият вазирлиги муносабат билдирди

Самарқанд шаҳрида бузилаётган қадимий бино бўйича ижтимоий тармоқларда турли фикр-мулоҳазалар тарқалди. Булар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги муносабат билдирди. Вазирлик изоҳини тўлиқ келтирамиз:

"Самарқанд шаҳар, Амир Темур кўчаси, 14-уйнинг бузилиши бўйича ижтимоий тармоқларда кескин муҳокама қилинаётган фикрлар бўйича Маданият вазирлиги қуйидагича муносабат билдиради:

Маданият вазирлиги Самарқанд шаҳар ҳокимиятидан Амир Темур кўчаси, 14-уй бузилиши бўйича тушунтириш беришларини талаб қилади. Маданий мерос департаменти экспертлари томонидан ушбу объект 2010 йилда маданий мерос объекти рўйхатидан чиқарилган бўлса ҳам у тарихий қурилиш иншоотиниг бир қисми ҳисобланар эди. Нега Маданият вазирлиги Амир Темур кўчаси, 14-уй объектининг бузилиши, шунингдек у ердаги бузилишлар ҳақидаги суд қароридан хабардор қилинмади?

Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига 1990-2000-йилларда тарихий объектларни қайси сабабларга биноан рўйхатдан чиқарилганлиги бўйича қуйидаги сўровнома асосида текширув ўтказилиши масаласи бўйича мурожаат қилади:

Объектлар нега рўйхатдан чиқарилди?

Ушбу хулосалар ким томонидан қабул қилинган?

Хулосалар маданият вазирлиги ва вилоят ҳокимиятининг қайси раҳбари томонидан тасдиқланган?

Рўйхатдан чиқарилган бошқа объектларнинг тақдири нима бўлган?

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси томонидан Маданий мерос департаментининг барча вилоятдаги инспекциялар фаолияти, шу жумладан, Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармасининг фаолияти ҳам ўрганилиб, маданий мерос сақланилишига нисбатан бир қанча қонунбузарликлар аниқланди. Маданият вазирлиги ушбу қонунбузарликлар учун барча айбдорлар ва Самарқанд вилояти маданий мерос бўлимидаги алоқадор шахсларнинг мазкур ноқонуний ҳатти-ҳаракатларига нисбатан жавобгарлик чора-тадбирлари қўлланишини билдиради. Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси раҳбари бино бузиб бўлингач, Департаментга хабар берган.

Маданият вазирлиги таъкидлайдики, агар тарихий объектнинг бузилиши Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилган ҳамда Маданият вазирлиги бу жараённи тасдиқламаган бўлса, у ҳолда бузилишга оид масъулиятни шаҳар ҳокимлиги ўз зиммасига олиши ва бунга алоқадор шахслар амалга оширган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари учун қонунда белгиланган тартибда жазоланиши шарт.

Маданият вазирлиги шуни билдиради: Самарқанд вилояти Маданий мерос бўлимини бошқариш эксперт кенгашининг барча қарорлари бекор қилинади. Сабаб, Самарқанд вилояти Маданий мерос бўлимини бошқариш эксперт кенгашининг таркиби ҳақидаги зарур ҳужжатлар тақдим қилинмаган ва шу туфайли улар Маданий мерос департаменти, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан тасдиқланмаган; Маданий мерос департаменти ҳузуридаги Илмий-тадқиқот кенгашида мутахассислардан бирининг мажбурий иштирок этиши талаблари бажарилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимияти ва Самарқанд шаҳар ҳокимлигидан ЮНЕСКО ҳудудларига қўйилган барча талаб меъёрларига қатъий амал қилинишини талаб қилади.

Айни пайтда Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил октябрь ойида тасдиқланган маданий мерос объектлари рўйхатига кирган маданий мерос объектларини сақлаб қолишни ўрганибгина қолмай тарихий-маданий аҳамиятга эга, аммо рўйхатга кирмаган объектларни ҳам асраш масаласини ўрганиб чиқмоқда", дейилади вазирлик муносабатида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1