Қозоғистон коронавируснинг энг ёмон сценарийсига тайёргарлик кўрмоқда

ДУНЁ 22.09.2020, 08:18
Қозоғистон коронавируснинг энг ёмон сценарийсига тайёргарлик кўрмоқда

Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши, Хавфсизлик кенгаши раиси Нурсултон Назарбоев коронавирус билан боғлиқ вазият издан чиқиб кетмаслиги учун ўз вақтида чоралар кўриш ва энг хавфли сценарийга тайёр туришни буюрди. Ушбу масала Хавфсизлик кенгаши йиғилишида муҳокама қилинди.

Учрашув давомида аҳоли саломатлиги ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилган.

Энг аввало, Назарбоев коронавирус инфекциясига қарши курашда ўз ҳиссасини қўшган шифокорлар, полиция ходимлари, ҳарбий хизматчилар ва бошқа соҳа вакилларининг фидокорона меҳнатини таъкидлади. 

Йиғилиш давомида Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой мамлакат тиббиёт тизими ҳозирги эпидемиологик таҳдидларга тайёрлиги ҳақида маълумот берган. 

Нурсултон Назарбоев пандемиянинг глобал "иккинчи тўлқини"га тайёргарлик кўриш, ресурсларни тайёрлаш, кенг қамровли профилактика чораларини ишлаб чиқиш зарурлигини ва касалланиш даражасини ишончли баҳолаш муҳимлигини таъкидлади. 


“Инқироздан кейинги даврда ривожланиш прогнозлари, таҳдидлар ва имкониятларнинг концептуал кўринишини ишлаб чиқиш зарур. Дунёдаги мавжуд вазиятни инобатга олган ҳолда яна ривожланиш режасини кўриб чиқишимиз керак. Биз пандемиянинг энг ёмон сценарийси ва у билан боғлиқ таҳдидларга тайёр бўлишимиз лозим”, дейди Хавфсизлик кенгаши раиси Назарбоев. 

Шу билан бирга, учрашув давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига жиноятчилик ҳолатининг ёмонлашуви ва жиноятчилик ўсишининг олдини олиш, шунингдек, профилактика чораларини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. “Одамларни озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари билан узлуксиз таъминлаш, ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархларининг асоссиз кўтарилиши ва тарифлар ошишининг олдини олиш, куз-қиш мавсумига сифатли тайёргарлик кўриш ва бошқа долзарб стратегик масалалар бўйича чоралар кўриш муҳим”, дейди Назарбоев. 

Маълумот ўрнида, айни вақтда Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар 107 199 нафарга етди. Уларнинг 101 822 нафари соғайган, 1 671 киши вафот этган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1