АсосийДУНË

Омскдаги ёнғинда икки нафар ўзбекистонлик жароҳатланган: бир киши вафот этди

Жабрланганларнинг барчаси пудратчи ташкилот ишчилари бўлган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, уларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқаролари.

'Омскдаги ёнғинда икки нафар ўзбекистонлик жароҳатланган: бир киши вафот этди'ning rasmi

Россиянинг Омск шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйда 15 август куни содир бўлган ёнғин оқибатида жами 11 нафар ишчи жабрланган. Уларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқаролари экани маълум қилинган. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Омск вилояти бўйича бошқармаси матбуот хизмати РИА Новостига маълум қилди.

Ёнғин Омскдаги Драверт кварталлари мавзесида 15 август куни соат 10:30 атрофида юз берган. Ҳодиса жойидан кўтарилган қуюқ қора тутун атрофдагилар эътиборини тортган.

Ёнғинни бартараф этиш ишларига 30 нафар қутқарувчи ва олти дона махсус техника жалб қилинган. Ҳодиса оқибатида 11 нафар ишчи шифохонага олиб кетилган. Улардан уч нафари кейинчалик уйига жавоб берилган, бир нафари эса вафот этган.

"Ҳозирда шифохонанинг реанимация бўлимида етти нафар жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Уч киши шифохонадан чиқарилди", — дейилади Тергов қўмитаси матбуот хизмати хабарда.

Жабрланганларнинг барчаси пудратчи ташкилот ишчилари бўлган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, уларнинг икки нафари Ўзбекистон фуқаролари.

Ташқи ишлар вазирлигининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари жароҳатланган фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ҳодисанинг барча сабабларини аниқлаш мақсадида Омскдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва шаҳар ҳокимияти билан алоқада бўлиб турибди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга пайвандлаш ишлари вақтида иссиқлик изоляцияси материали — утеплительнинг ёниб кетиши сабаб бўлган.

Омск вилояти прокуратураси ҳодиса юзасидан текширув бошлаган.

    Бошқа янгиликлар

    Омскдаги ёнғинда икки нафар ўзбекистонлик жароҳатланган: бир киши вафот этди - Darakchi.uz