АсосийДУНË

Венгрияда полшалик сайёҳлар автобуси ҳалокатга учради

Венгрияда полшалик сайёҳларни олиб кетаётган автобуснинг ағдарилиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 37 киши жароҳатланди.

'Венгрияда полшалик сайёҳлар автобуси ҳалокатга учради'ning rasmi

Венгриянинг шарқий қисмида полшалик сайёҳларни олиб кетаётган автобус ағдарилиб кетиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, яна 37 киши жароҳатланди. Бу ҳақда хорижий манбаларга таяниб Zamon.uz хабар берди.

Ҳодиса 16 август куни Мезокерештеш шаҳри яқинидаги М3 автомагистралида содир бўлган. Сербиядан Польшага йўл олган автобусда 57 нафар йўловчи ва икки нафар ҳайдовчи бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, автобус йўлдан чиқиб, зовурга тушган ва ағдарилиб кетган. Полиция ҳайдовчи ухлаб қолган бўлиши мумкинлигини билдирган. У ҳибсга олинган.

11 киши воқеа жойида, яна бир киши шифохонада вафот этган. Қутқарувчилар автобус ичида қолиб кетган айрим йўловчиларни деразалар орқали олиб чиққан.

Мазкур ҳодиса Венгрияда 2003 йилдан буён энг кўп қурбон берилган йўл-транспорт ҳодисаси бўлди. 2003 йилда Сиофок шаҳрида поезд сайёҳларни олиб кетаётган автобус билан тўқнашиб, 33 киши ҳалок бўлган.

    Бошқа янгиликлар