Индонезиянинг Флорес ороли соҳилларида 15 августга ўтар кечаси содир бўлган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 47 кишига етди. Яна 50 киши жароҳатланган. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
Қутқарувчилар вайроналар остида қолганларни излаш ишларини давом эттирмоқда. Қидирув-қутқарув операциясига ёрдам бериш учун икки вертолёт ва бир самолёт тайёрланган.
Зилзиладан зарар кўрган ҳудудларда бир қатор биноларда одамлар қамалиб қолган. Шунингдек, кўчкилар айрим йўлларни тўсиб қўйгани хабар қилинди.
Аввалроқ Маумере порт шаҳри яқинидан 20 кишининг жасади топилгани, олти киши жароҳатлангани ва икки киши вайроналар остида қолгани маълум қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, 15 августга ўтар кечаси Флорес ороли яқинида 7,7 магнитудали зилзила қайд этилган. Шундан сўнг учта провинцияда цунами хавфи эълон қилинган. Зилзила оқибатида турар жойлар, мактаблар, давлат муассасалари ва шифохоналар зарарланган.






