16 августга ўтар кечаси Москва ва Москва вилояти дронлар ҳужумига учради. Ҳужум оқибатида Подольскдаги "Коледино" индустриал парки ҳудудида жойлашган Wildberries омборида ёнғин чиқди. Бу ҳақда Москва вилояти ҳокимияти хабар берди.
Москва вилояти губернатори Андрей Воробёвнинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган, олти киши жароҳатланган. У ҳужумни сўнгги вақтлардаги энг оммавий ҳужумлардан бири деб атади.
Ҳокимият ҳужумга учраган объектлар қаторида Подольскдаги Wildberries омбори ҳам борлигини тасдиқлади. Мазкур объект компаниянинг Россиядаги энг йирик логистика марказларидан бири ҳисобланади. Wildberries ҳодиса юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган. Воробёв эса омбордаги ёнғин оқибатида жабрланганлар йўқлигини билдирган.
Шунингдек, Домодедовода яна бир омбор биносида ёнғин чиққан. Губернатор мазкур объектни дори-дармонлар омбори деб атаган. Маҳаллий ҳокимият ва OSINT лойиҳалари гап "Северное Домодедово" мажмуаси ҳақида кетаётганини билдирган.
Москва мэри Сергей Собяниннинг айтишича, пойтахтга қилинган тунги ҳужумда қарийб 600 та дрон иштирок этган.
Шу кеча Ростов вилояти ҳам дронлар ҳужумига учраган. Вилоятда беш киши ҳалок бўлган, яна бир киши жароҳатланган.






