АсосийJamiyat

“Ангрен шакар” корхонасида содир бўлаётган ҳолат ўрганилди

'“Ангрен шакар” корхонасида содир бўлаётган ҳолат ўрганилди'ning rasmi

Хабарингиз бор, аввалроқ, “Ангрен шакар” масъулияти чекланган жамияти томонидан оммавий равишда ходимларнинг ишдан бўшатилаётганлиги билан боғлиқ хабар берилган эди. 

Мазкур ҳолат Олий Мажлис Сенати аъзоси Малика Кадирханова ва Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Аниқланишича, мазкур корхона қарийб 5 ойдан буён фаолият кўрсатмасдан келмоқда. Лекин шунга қарамасдан, шу вақтга қадар ишчи-ходимларга ойлик маош тўлаб келинган. Айримлари эса ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилган.

Ҳозирги вақтга келиб, корхона томонидан ўзаро келишув асосида, яъни келгусида корхона иш фаолиятини тиклагач, қайта ишга олиш шарти билан ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинмоқда. Айни пайтда 28-октябрь ҳолатига кўра, 163 нафардан ортиқ ишчи-ходим ишдан бўшатилган, уларнинг барчасига компенсация пуллари тўлаб берилган. Ишдан бўшатишлар, ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътиллари бўлиши мумкинлиги ҳақида ишчи-ходимлар огоҳлантирилган.

Сенатор М.Кадирханова Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги мутасадди ходимлари билан мазкур корхонадаги ишчилар ва раҳбарлар билан суҳбатлашди.

Айни пайтда Оҳангарон шаҳар ва туман ҳокимлиги вақтинча ишсиз қолган фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича дастлабки режаларни муҳокама қилиб, таклифлар тайёрламоқда. Бунда, асосан, саноат ва ишлаб чиқаришда маълум тажрибага эга бўлган ишчиларни ўз соҳасига яқин бўлган ишлаб чиқариш объектларига ишга жойлаштириш назарда тутилмоқда.

Корхонадан бўшатилган ишчи-ходимларга 15 кун муддатда янги иш ўринлари таклиф этиш бўйича хулоса тайёрланаётгани ҳақида ахборот берилди, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлигининг ўрганиш натижалари ва муносабати эълон қилинган эди. 

 

 

    Бошқа янгиликлар