“Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” ҳамда “COVID-19 пандемиясининг Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий оқибатлари”: маҳалла вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари орасида ўтказилган сўровнома тадқиқотлар натижаларини кўриб чиқиш мақсадида, шунингдек буларнинг натижалари бўйича энг мақбул ҳаракатларни муҳокама қилиш учун рақамли видеоанжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури матбуот хизмати раҳбари Феруза НОМОЗОВА хабар қилди...
Мазкур тадбир Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ), Жаҳон банки, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” Маркази ва БМТТД томонидан ташкил этилди. COVID-19 пандемияси ва у билан боғлиқ карантинга нисбатан Ўзбекистондаги умуммиллий жавоб чораларини такомиллаштириш мақсадида БМТТД ИТИМ ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда оилалар учун ижтимоий-иқтисодий оқибатларнинг, шунингдек кичик ва ўрта корхоналар учун ўрнатилган чекловларнинг таҳлилини амалга оширди.
Видеоанжуманнинг мақсади – ушбу натижаларни қарор қабул қилувчи мансабдорларга ва ОАВга тақдим этишдан, шунингдек аниқланган маълумотлардан фойдаланиш бўйича келгуси қадамларни белгилаб олиш.

Мазкур маълумотлар COVID-19 оқибатларини камайтиришга қаратилган келажакдаги сиёсий механизмлар ва қонунчилик ҳужжатлари учун асос бўлиб, хизмат қилиши лозим. Шунингдек, улардан Ўзбекистоннинг пандемиядан сўнг келгуси тикланишида фойдаланиш кераклиги борасида таклифлар билдирилди. COVID-19 пандемиясининг уй хўжаликларига бўлган ижтимоий-иқтисодий таъсири бўйича тадқиқот 2020 йилнинг май-июнь ойларида амалга оширилди. Унинг давомида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги маҳалла раҳбарлари билан сўровномалар ўтказилди. Сўровномаларда 3670 респондентлар иштирок этишди. Жумладан, маҳалла раислари (84,7 фоиз), уларнинг ўринбосарлари (12,8%) ва маҳалла фаоллари (2,5 фоиз), шулардан 62,9 фоиз қишлоқ маҳаллалари вакилларидир. Тадқиқот натижаларига кўра, пандемия камбағал оилаларнинг кўпайишига, айниқса шаҳар ҳудудларида олиб келди.
Энг кўп зарар кўрганлар:
- Кам таъминланган оилалар (48 фоиз респондентлар томондан қайд этилди, айниқса Наманган ва Самарқандда),
- Кўп болали оилалар (40% респондентлар томондан қайд этилди, айниқса Тошкент вилоятида),
- Қайтиб келган меҳнат мухожирлари мавжуд оилалар (55% респондентлар томондан қайд этилди, айниқса Жиззах ва Қашқадарёда).
Ушбу салбий оқибатлар ичига асосан даромадларнинг пасайиши ва ишни йўқотиш киради. Бунга тегишли равишда 74 фоиз ва 58 фоиз респондентлар ишора қилдилар.
Мазкур тадқиқот шуни кўрсатди-ки, озиқ-овқат тўпламларини тарқатиш каби аёллар ва кексалар учун кўпроқ зарур бўлган моддий ёрдам кўнгилли кўмак беришдан кўра муҳимроқ деб ҳисобланди.
Ижтимоий-иқтисодий оқибатларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ичига қуйидагилар киритилди:
- Хусусий секторни зарурий маҳсулотларни импорт қилиш ёки маҳаллий даражада ишлаб чиқаришга рағбатлантириш мақсадида иқтисодий ва ижтимоий сиёсат чораларини ўзгартириш;
- Маҳаллаларда кичик хусусий корхоналарни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар ва хотин-қизларни оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишга рағбатлантириш;
- Зарурий ёрдамни олишда хотин-қизлар учун енгиллик яратиш, шунингдек уларни ташвишлантирувчи масалалар тингланишини таъминлаш;
- COVID-19 касаллигидан даволанган одамлар томонидан хатар йўқлигини оммавий ахборот воситалари таъкидлаб туришини таъминлаш.
Бир вақтнинг ўзида ўтказилган сўровномада, бутун Ўзбекистон бўйлаб тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган 887 та суҳбат асосида, COVID-19 пандемиясининг мамлакат даражасида кичик ва ўрта корхоналарга таъсири ўрганилди. Сўровнома давомида аниқланишича, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш соҳаларига мансуб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда Сирдарё, Наманган, Навоий вилоятларида, Тошкент шаҳрида ва Қорақалпоғистонда жойлашган корхоналар энг кўп зарар кўрдилар. Айни вақтда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликларидаги корхоналар энг кам талафот кўрдилар. Пандемия даврида энг кўп қийинчиликларга учраган корхоналар қаторига иш жараёнларини кўчириш имконияти йўқлиги ёки интернетга уланиш имкони ёҳуд керакли ускуналар мавжуд эмаслиги сабабли масофавий ишлай олмаган корхоналар кирди.
Мазкур иккинчи тадқиқот бўйича ҳисоботда берилган тавсияга кўра, кичик ва ўрта корхоналарга кўрсатилаётган ёрдам ўз ичига корхоналарнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, солиқ юкини камайтириш, кредит фоизларини пасайтириш учун институциявий муҳитни яратиш орқали молиявий кўмакдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда масофавий ишга ўтишни қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирларни қамраб олиши лозим.
Видеоанжуман давомида ушбу тадқиқотларнинг услубиятлари ва натижалари тақдим этилди. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш бўйича батафсил стратегик мақсадлар, жумладан ёрдамга кўпроқ муҳтож бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш (“Темир дафтар”ларда кўрсатилганидек), ва ишсизлик муаммосини ҳал этиш учун воситалардан фойдаланиш тўғрисида маълумот берилди. Барча иштирокчилар Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий тикланиш суръатини жадаллаштириш учун янги қонунчилик ва сиёсатни ишлаб чиқишда ушбу тадқиқотларнинг натижаларидан фойдаланиш борасида ўз қизиқишларини билдирди.






