АсосийЖАМИЯТ

Касбий таълим директорлари учун менежерлик сертификати талаб қилинади

Сертификат олиш учун махсус курсни тамомлаб, якуний синовдан камида 70 балл тўплаш керак бўлади.

'Касбий таълим директорлари учун менежерлик сертификати талаб қилинади'ning rasmi

Вазирлар Маҳкамасининг 20 августдаги қарори билан касбий таълим ташкилотлари директорлари ва уларнинг ўринбосарларини менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ҳамда уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб касбий таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодларни тайинлашда менежерлик сертификати мавжудлиги талаб этилади.

Директорлар ва уларнинг ўринбосарлари махсус портал орқали курсларга рўйхатдан ўтади. 144 соатлик курс анъанавий, масофавий ва мустақил таълим шаклларида ташкил этилиши мумкин.

Курс якунида 50 та тест саволи ва амалий топшириқдан иборат якуний синов ўтказилади. Сертификат олиш учун камида 70 балл тўплаш талаб этилади.

Менежерлик сертификати 5 йил муддатга берилади. Муддат тугагач, уни қайта олиш учун ўқув курсини ўташ ва якуний синовдан муваффақиятли ўтиш керак бўлади.

Айрим юқори натижаларга эришган директор ва директор ўринбосарлари курсда ўқимасдан туриб якуний синовда иштирок этиши мумкин.

Қарорга кўра, 2026 йилда ўқув курслари харажатлари республика бюджети ҳисобидан қопланади. 2027 йилдан бошлаб эса ўқиш харажатлари тегишли шартнома асосида амалга оширилади.

    Бошқа янгиликлар

    Касбий таълим директорлари учун менежерлик сертификати талаб қилинади - Darakchi.uz