Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида йўл талашиш оқибатида юзага келган жанжал акс этган видео тарқалиб, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилишича, воқеа йўлни цемент ташувчи махсус техника тўсиб қўйгани ортидан келиб чиққан. Фуқаро ҳайдовчилардан йўлни бўшатишни сўраган, шундан сўнг унинг турмуш ўртоғи билан техника ҳайдовчилари ўртасида оғзаки тортишув юзага келган.
Жанжал вақтида томонлардан бирига нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатилган. Шундан сўнг фуқаро жаҳл устида уни шапалоқ урганини тан олган ва қилмишидан пушаймонлигини билдирган.
Воқеани тасвирга олган фуқаро видеони Instagram саҳифасига жойлаштирган. У видеонинг бундай шов-шувга сабаб бўлишини кутмаганини айтган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга нисбатан тегишли ҳужжатлар МЖтКнинг 183-моддаси асосида Мирабод тумани судига тақдим этилган.






