Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи унумли бўлди. Вилоят учун жами 28,2 трлн. сўм маблағ ажратилиши ҳоким Зоир Мирзаев томонидан “ҳали бунақаси бўлмаган” дея эътироф ҳам этилди. Хўш, бу маблағлар қаерларга сарфланади? Қашқадарё халқи қачон ва қай тарзда бу унумли ташриф маҳсулини ҳис қилишади? Ташриф доирасида биз ҳам шу каби саволлар билан масъулларга юзланиб, уларнинг ваъдасини олдик.

ЭНГ АВВАЛО, ВИЛОЯТДАГИ СУВ МУАММОСИ ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИНАДИ?
Соҳиб САИФНАЗАРОВ, “Ўзсувтаъминот” АЖ раиси:
— Деҳқонобод тумани бўйича Президент ташаббуси билан катта лойиҳа амалга ошириляпти. Унда 77 километр тепаликдан пастга тоза ичимлик суви олиб тушилади. Жараён жуда ҳам қийин. 2020 йил якуни бўйича ана шу сув 4 та қишлоққа етиб боради ва 2021 йил якунида Деҳқонободнинг 116 минг аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади. Шунингдек, Ғузор туманини камида 50 фоиз ичимлик суви билан таъминлаш топшириғи ҳам берилди. Туманнинг тепалик қисмларида сув манбаси бор, у аввалдан ишлайди. 28 та насос суткасига 30 минг куб сув таъминлаб беролади. Лекин ҳозирги кунда бу сувларнинг ҳаммаси йўлда йўқолиб қоляпти. Кўп жойда маҳаллий аҳоли қувурларни тешиб, тизимга ноқонуний уланиб олган ёки қўй-молларига ўша ердан сув беради. Натижада сув Ғузор марказигача етиб бормайди. Янги лойиҳани амалга оширсак, Ғузор маркази тўлиқ сув билан таъминланади. Умумий қилиб айтсак, 2021 йилда вилоятнинг ичимлик суви билан таъминланганлик кўрсаткичи 65-70 фоизга етказилади.

СУҒОРИЛАДИГАН ЕРЛАР УЧУН СУВ ОЛИБ КЕЛИШ ХАРАЖАТИ – 1,3 ТРЛН. СЎМ
Шавкат ҲАМРОЕВ, Сув хўжалиги вазири:
— Қашқадарё вилоятида сув таъминоти жуда катта харажатлар эвазига амалга оширилади. Қўшни Туркманистон Республикасидан етти мартта сувни кўтариб, деҳқонларимизга етказиб берилади. Бу дунёдаги энг йирик насос станциялари каскади бўлиб, 1 куб метр сувимиз ўртача Қашқадарё вилоятига ўртача 255 сўмдан тўғри келади. Бу албатта, жуда қиммат ва катта машаққат талаб қиляпти. Савол туғилади: Шунча машаққат эвазига олиб келинаётган сув қандай ишлатиляпти? Йилига 5,2 млрд. куб сув олсак, бу миқдордаги сув учун бюджетдан 1,3 трлн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланяпти дегани. Бу маблағларнинг 1 трлн. сўмдан ортиғи электр-энергия харажатларига тўғри келади. Буни ҳисоб-китобини тўғри йўлга қўйиш учун биз ахборот технологияларини жорий қилишимиз керак. Биз ўзимизга режа қилиб олдик – яқин уч йил ичида суғориладиган ерларнинг 50 фоизидан ортиғини сув тежовчи технологиялар билан қамраб оламиз. Мисол учун Косон туманида сув таъминоти жуда оғир. Вилоят бўйича 255 сўм бўлса, бу туманда 300 сўмдан ошади. Президентимиз томонидан сув тежовчи технологияларни шу ерда, Қашқадарё вилоятида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, импортни камайтириш кераклиги бўйича топшириқ бўлди. Биз келгуси йилда Қашқадарё вилоятида сув тежовчи технологияларни йўлга қўйиб, вилоятда 17 минг гектар майдонни ёмғирлатиб суғориш техникаси билан қамраб олишга келишиб олдик.

“ТЕМИР ДАФТАР”, ИШ ЎРИНЛАРИ, БЮДЖЕТГА ТУШУМ ВА ЭКСПОРТ
Азиз ВАИТОВ, Инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари:
— Вилоятда жами 16 трлн. сўмлик 932 та инвестиция лойиҳалари амалга ошириш бўйича режалар белгилаб олдик. Бунда ҳар бир туманнинг “ўсиш нуқталари”, яъни ихтисослиги бўйича ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши назарда тутилади. Бунинг натижасида Қашқадарё вилоятининг ҳар бир туманида 2 та йирик ва 10 тадан ўрта ва майда саноат лойиҳалари шакллантирилади. Лойиҳалар ишга тушиши билан “темир дафтар”даги фуқарорларнинг иш билан таъминланиши, бюджетга тушум, экспорт салоҳияти кенгаяди. Хозирги шакллантирилган лойиҳаларнинг асосий қисми 2021 йилнинг 1 июнига қадар ишга тушади. Бунинг натижасида вилоятда 15 мингга яқин иш ўринлари яратилади.

ШАҲРИСАБЗДА КАРТОШКАЧИЛИККА КЎПРОҚ УРҒУ БЕРИЛАДИ
Самад ҲАСАНОВ, Шаҳрисабз тумани ҳокими:
— Биз кўпроқ буғдой экиб келамиз. Буғдойдан 4 тоннадан 8 тоннагача ҳосил олишимиз мумкин. Лекин картошкадан энг ками 30 тонна олинади. Қолаверса, буғдойнинг билан картошканинг нархида ҳам фарқ катта. Шунинг учун картошкачиликка кўпроқ урғу бермоқчимиз.
НИШОН ТУМАНИ КЕЙИНГИ ЙИЛ ОҲИРИГАЧА ЯШИЛ ҲУДУДГА АЙЛАНАДИ
Мухтор ҲАЙИТМУРОДОВ, Нишон тумани ҳокими:
— Биз Президентимизга тақдимот қилдик. Унда қизил ҳудуддан йилнинг охиригача чиқиш ва сариқ ҳудудга ўтиш кўрсатилган. Шунингдек, 2021 йилнинг охирига қадар яшил ҳудудга ўтиш ҳам кўзда тутилган.

ҚАРШИ ШАҲРИГА ТЎЛИҚ КАМЕРА ЎРНАТИШ РЕЖАЛАШТИРИЛМОҚДА
Нормўмин ХОЛБОЕВ, Қарши шаҳар ҳокими:
— Айни пайтда тирбандликлар юзага келаётган жойларда иш олиб бораяпмиз. Тош йўлга айланган йўлни асфальт қилдик, пиёдалар учун йўлак қилинди. Қолаверса, йўл ҳаракатини тартибга келтириш учун Қарши шаҳрига тўлиқ камера ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Шу ўринда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилинишида ва юқоридаги масъуллар ваъдаларининг ўз вақтида бажарилишида барчамиз масъул эканлигимизни эслатиб ўтмоқчимиз. Келинг, масъулиятни фақат масъулларга топшириб қўймасдан, Президент ишониб топширган вазифалар ва маблағлар бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатайлик. Бирор камчилик аниқласангиз, тегишли идораларга ёки таҳририятимизнинг @darakchipochta телеграм манзилига ўз мурожаатингизни йўлланг.
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ






