АсосийЖАМИЯТ

Тадбиркорлар электр ва газ учун 100 фоиз аванс тўламайди

Тўқимачилик саноатидаги тажриба электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноатига ҳам татбиқ этилади.

'Тадбиркорлар электр ва газ учун 100 фоиз аванс тўламайди'ning rasmi

Кўплаб тадбиркорлар электр энергияси ва табиий газ учун 100 фоиз олдиндан тўлов қилиш айланма маблағларни қисқартириб юбораётганини билдирган. Шу боис энди ASKUE ва ASKUG тизимига уланган ҳамда тўлов интизомини бузмаган корхоналар учун аванс тўлови 15 фоиз этиб белгиланади.

“Умуман, энергетика бўйича бошқарув тизимини тубдан ўзгартиряпмиз. Барча туманларда тадбиркорларнинг ҳозирги эҳтиёжи ва эртанги режасига қараб ишлайдиган янги тизим бўлади”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Қурилиш соҳасида ҳам янги ёндашув жорий этилади. Келаси йилдан пудратчи ва лойиҳачи корхоналарнинг ўсишини рағбатлантириш мақсадида янги тартиб ишга туширилади.

Қурилиш объекти қаерда жойлашганидан қатъи назар, ҳар бир ишчи-соат учун энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида маблағ режалаштирилади.

Давлат объектлари сметасида пудрат корхоналари учун 7 фоиз миқдорида фойда кўзда тутилади. Қурилишнинг мураккаблигига қараб, лойиҳалаш ишларига объект қийматининг 4–7 фоизигача маблағ ажратилади.

Давлат раҳбари учинчи йўналиш сифатида “сунъий интеллект – бошқарув самарадорлиги – янги инвестициялар” экотизимини яратиш вазифасини белгилади.

“Бугун қайси тадбиркор қўшилган қийматни кўпайтирса, сунъий интеллект ёрдамида унумдорликни оширса, таннарх бўйича изланса, эртанги бозор уники”, деди Президент.

Таҳлилларга кўра, замонавий бошқарув ва сунъий интеллект ёндашувларини жорий қилган тадбиркорларнинг 54 фоизида маҳсулотга талаб кескин ортган. Уларнинг 25 фоизида таннарх камайган, 40 фоизида эса даромад ўсиши ҳисобига ишчиларнинг ойлик маоши 10 фоиздан кўпроқ ошган.

Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида биринчи суперкомпьютер кластери ишга туширилди. Келаси йилда унинг қуввати 3 баравар оширилади.

Шунингдек, “10 минг корхона учун – сунъий интеллект ҳамкор” дастури бошланади. Унга кўра, корхоналарга сунъий интеллектни жорий қилиш харажатларининг 50 фоизи компенсация қилинади.

Янги маҳсулот учун сунъий интеллект моделини яратишда суперкомпьютердан бепул фойдаланиш имконияти берилади. Илмий-тадқиқот харажатлари ҳам бюджетдан қопланади.

Тадбиркорлар фойдаланиши учун тайёр сунъий интеллект дастурлари очиқ платформага жойлаштирилади. Дастурнинг биринчи босқичига камида 100 миллион доллар ажратилади.

Тўқимачилик саноатидаги тажриба электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноатига ҳам татбиқ этилади. Ушбу корхоналарда автоматлашган бошқарув тизимларини жорий этиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

    Бошқа янгиликлар

    Тадбиркорлар электр ва газ учун 100 фоиз аванс тўламайди - Darakchi.uz