Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида “Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси” ўз фаолиятини бошлади. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам вилоятга ташрифи чоғида ушбу муассасани бориб кўрди.“Хусусийлаштириш - қўшимча қиймат ва ишчи жойлар яратадиган муҳим масала. Ҳар бир объектнинг эгасини топиб, ишни йўлга қўйиб юбориш керак. Бу эса тадбиркорга имконият, маҳаллий бюджетга тушум”, - деди давлат раҳбари клиника фаолияти билан танишиш жараёнида. Биз ҳам мазкур клиника фаолиятига дахлдор маълумотлар олиш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Сунатилла Бекеновни суҳбатга тортдик.

БУ ҚАНДАЙ КЛИНИКА ВА БУ ЕРНИНГ “ДОКТОР”ЛАРИ КИМЛАР?
— Қашқадарё вилоятида фаолиятини тўхтатган ёки ёпилиш арафасида турган, солиқдан муддати ўтган қарзи бор, маҳсулоти сотилмай, йиғилиб қолаётган мингтага яқин корхоналар мавжуд. Уларнинг барчаси соғломлаштиришга муҳтож. Яқинда фаолиятини бошлаган клиникада мазкур корхоналар чуқур таҳлил қилиниб, уларни яна аввалгидек ишлашига кўмаклашилади. Қарши шаҳридаги мазкур клиникада иқтисодий-молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, информацион хизматлар кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Малакали мутахассислар бириктирилиб, инфокиосклар ўрнатилган. Бу ерда хусусийлаштиришга қўйилган обектлар, уларнинг манзили, ҳолати, соҳадаги тартиб-қоидалар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин. Ҳамма хизматлар бепул. Тадбиркорларга давлат активларини сотиб олиш, корхоналарни хусусийлаштиришга оид саволларга жавоб олиш ва муаммоларни ҳал қилишда амалий кўмак кўрсатилади. Президентимиз бу тизимни янада такомиллаштириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, бир сўз билан айтганда, аҳолига ва тадбиркорларга қулайлик яратиш борасида топшириқлар берди. Ҳар бир фуқаро бу клиникага келиб, ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан, муаммосини шу ернинг ўзида ҳал қилиши учун муҳит яратишимиз керак. Мазкур клиникалар Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан бошқарилади. Уларнинг фаолиятида Савдо-саноат палатаси, Бош вазир қабулхонаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва ҳокимлик вакиллари доимий иштирок этади. Бундан ташқари, сўровга асосан бошқа вазирлик ва идоралар, тижорат банклари ходимлари ҳам жалб этилиши мумкин.



БЕЗОВТАЛИКМИ Ё ХУРСАНДЧИЛИК?
— Президентимиз жорий йилнинг 27-октябрь куни “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо қўйди. Шундан сўнг 28-октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу борада аҳолига батафсил маълумот берадиган маслаҳат клиникалари ҳамда колл-марказ ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Ушбу ҳужжат одамларда турли фикрларни уйғотяпти: безовталиклар ҳам, хурсандчиликлар ҳам бор. Хусусийлаштиришдан асосий мақсад - фаолият юритаётган давлат корхоналарини янада самарали ишлашини таъминлаш ҳамда тадбиркорларга йўл очиб беришдир. Ўзингиз яхши биласиз, агар давлатнинг бозордаги улуши қанча кўп бўлса, у шунча корхоналарга яқин кўмаклашувчи ва тадбиркорларга тўсиқ ҳам бўлади. Мисол учун, юқорида турувчи идора ва вазирликлар бирор хизматга эҳтиёж сезса, хусусий секторга эмас, балки, давлат унитар корхонасига мурожаат қилади. Натижада рақобат муҳити ва сифат йўқолади. Сифат йўқ бўлса, табиийки, таннарх ҳам ўсади. Шундай экан, давлат активларини хусусийлаштириш иқтисодиёт учун фақат манфаат келтиради.


“ХУСУСИЙЛАШТИРИШДАН МАҚСАД БЮДЖЕТГА ПУЛ ТУШИРИШ ЭМАС”
— Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, хусусийлаштиришдан мақсад бюджетга пул тушириш эмас, давлат пул учун корхоналарни сотиб юбормаяпти. Балки, корхонани янада соғломлаштириб, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга айлантиришдир.

Клиника биносида Қашқадарёдаги йирик корхоналар ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг доимий кўргазмаси ҳам ташкил этилган. Мажлислар зали, музокара хоналари, экспортчилар уюшмаси ва ўқув марказлари жойлаштирилган.
Маълумот учун шуни айтишимиз керакки, бу каби клиникалар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда очилган бўлиб, шунингдек, куну тун ишлайдиган 1082 рақамли колл-маркази ҳам йўлга қўйилган.
Сардорбек Раҳмонқулов тайёрлади






