“Ўтган асрнинг 60-йилларида ташкил этилганлиги учун кўпчилик Навоий вилоятини янги ҳудуд деб ўйлайди. Очиғини айтсак, шу кунгача тарихий туризмни ривожлантириш бўйича тарғибот ишлари етарли даражада амалга оширилмаганлиги ёки одамларнинг ўзи Навоий – янги ҳудуд ва унинг туризм салоҳияти бизнес туризмдан иборат деб ўйлаши вилоятнинг тарихий туризм салоҳиятини кўрсатишга тўсқинлик қилган, - дейди Навоий вилояти ҳокимининг инвестиция ва ташқи савдо бўйича ўринбосари Камолиддин Ҳасанов, - Лекин Навоий вилояти икки тарихий шаҳар – Самарқанд ва Бухоронинг ўртасида жойлашганлиги учун бу ер ҳам Буюк ипак йўлининг муҳим манзилларидан бири бўлганини хозиргача сақланиб қолган тарихий обидлалар мисолида кўришимиз мумкин”. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳомийлигида Навоий вилоятига ташкил қилинган пресс-туримиз давомида Камолиддин ака Ҳасанов вилоятнинг туризм салоҳияти ҳақида биз билмаган кўплаб маъулмотлар билан бўлишди.


9000 ЙИЛЛИК ТАРИХГА ЭГА ПЕТРОГЛИФЛАР, “ЮНЕСКО”ГА ҚЎШИЛАЁТГАН КАРМАНА ОБЪЕКТЛАРИ
— Кармана шаҳри 2 500 йиллик, Нурота шаҳри 1 000 йиллик тарихга эга бўлса, кўпчилик билмаслиги мумкин: Сармишсой дараси деворларида битилган петроглифлар Навбаҳор тумани ҳудудида жойлашган. Ушбу туман Навоий шаҳридан 30 км узоқликда жойлашган. Мазкур петроглифлар тарихи милоддан аввалги 7 000-йилликдан токи араблар истилосига қадар (VII-VIII асрлар) бўлган даврларни ўз ичига олади. Бу жуда тарихий ва муҳим объект ҳисобланади. Бундан ташқари, Кармана туманидаги Қосим Шайх мажмуаси, Бухорога кетиш йўлининг четида жойлашган Карвонсарой ва Сардоба объектлари ҳамда тумандаги бир нечта тарихий иншоотларни “Юнеско” халқаро ташкилоти ҳимоясига олиш бўйича барча ҳужжатлар тақдим қилинган. Бу борада ҳам яхши янгиликлар бўлади.




СОҲИЛ БЎЙИ ТУРИЗМИ
— Навоий вилоятининг ўзига хос туристик жихатларидан бири – бу ерда сувли ҳудудларнинг борлиги. Яъни, вилоятда учта: Тўдакўл, Айдаркўлнинг бир қисми ва кичик Шўркўл жойлашганлигидан унумли фойдаланиб, соҳил бўйи туризмини ривожлантириш бўйича ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Шу ўринда мазкур ҳудудларда туристик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторларни ҳам таклиф этиб қоламиз.

ЧЎЛ ТУРИЗМИ
— Вилоятимиз ҳудуди охири кўринмайдиган 100 лаб километрга чўзилган чўлликлардан иборат. Яна бир муҳим объектлардан бири – Нурота ва Конимех туманлари ўртасидаги чўлда жойлашган “Сафари парки”га ташриф буюришингизни тавсия қилган бўлардим.



Конимехга сафар қилар экансиз, туман остонасидан ҳайратланишни бошлайсиз. У ерда сизни 4 гектар майдонга эга ям-яшил ва сув-салқинли “Эко боғ” қарши олади. Маҳаллий тадбиркорлар ташаббуси билан барпо қилинган ушбу боғ сайёҳлар ва меҳмонлар учун ажойиб маскан. У ерда ҳозиргина соғилган туя сутидан ичиб, саҳрода яратилган боғ ҳавосидан тўйиб нафас олиб, миллий ўтовларда Европа ва миллий таомлардан истеъмол қилишингиз мумкин. Бир йўла 2 000 минг сайёҳга хизмат кўрсата оладиган ушбу масканда бугун 25 та иш ўрни яратилган.

МЕҲМОНХОНАЛАР НАРХЛАРИ ҚАНЧА?
— Вилоятимизда жами 37 та меҳмонхоналар ва 45 га яқин меҳмон уйлари фаолият юритади. Вилоят бўйича меҳмон уйларининг ўртача нархи – 60 000 сўм бўлса, меҳмонхоналар нархи шароитига қараб 100 000 сўмдан 1-2 млн. сўмгача.





Сардорбек Раҳмонқулов суҳбатлашди






