Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни тиклаш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар берди.
13 август куни Туркманистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Шодурди Мередов билан учрашув бўлиб ўтди. Унда транспорт-логистика соҳаси вакиллари иштирок этди.
Учрашувда ҳайдовчилар учун визаларни электрон расмийлаштириш, "Фараб–Олот" чегара ўтказиш пунктидаги тартиб-таомилларни такомиллаштириш, навбатлар ва кутиш вақтини қисқартириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, тез бузиладиган юклар учун алоҳида коридор ташкил этиш, нейтрал ҳудудда иккинчи кўприк қуриш, Туркманбоши порти орқали автомобиль ва темирйўл ташувларини кўпайтириш ҳамда юк машиналарига қўйиладиган вазн ва габарит чекловларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.
Туркманистон томони билдирилган таклифларни кўриб чиқиш ва тегишли давлат органларига етказишга тайёрлигини маълум қилди. Tomonlar транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.






