15 август куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конида аварияли қудуқни ёпиш бўйича амалий ишлар бошланди. Бу ҳақда "Ўзбекнефтегаз" маълум қилди.
Шу муносабат билан "Ўзбекнефтегаз" АЖ бошқарув раиси Абдуғани Санғинов, Бойсун тумани ҳокими Баҳодир Шукуров ва бошқа мутасаддилар конга бориб, "Кофрун" қишлоғи фаоллари ҳамда лойиҳада иштирок этаётган Хитойнинг CNPC корпорацияси мутахассислари билан учрашди.
Учрашувда аварияли қудуқни ёпиш лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган ишлар ва хавфсизлик чоралари муҳокама қилинди. Маҳаллий аҳоли билан ҳам суҳбат ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 сентябрь куни кондаги 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари вақтида технологик жараён бузилиши оқибатида водород сульфиди сизиб чиққан. Ҳодиса ортидан яқин ҳудудда яшовчи аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинган.






