Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси Азиза Мирзаева йўл-транспорт ҳодисасида вафот этди. ЙТҲ 15 август куни "Зарафшон–Томди" автомобиль йўлида содир бўлган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Мирзаева Зарафшон шаҳридаги иш жойидан Томди туманига Cobalt автомашинасида кетаётган вақтда бошқарувни йўқотган. Автомобиль йўлдан чиқиб, ағдарилиб кетган. Суд раиси оғир тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага тезликни ошириш сабаб бўлган бўлиши мумкин. Айни вақтда ЙТҲнинг аниқ сабаблари ўрганилмоқда.
39 ёшли Азиза Мирзаева 2024 йил декабрь ойида Томди туман суди раиси лавозимига тайинланган эди. У икки фарзанднинг онаси бўлган.
Судьялар олий кенгаши ва Олий суд марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.






