Азим пойтахтда таълим олиш, бу ерда яшаш кўпчиликнинг орзуси. Тўғрида, барча қулайликлар мужассам бўлган янги уйлар, кўзни қувнатувчи бинолар, бир-биридан гўзал кўнгилочар масканлар кимга ёқмайди? Бироқ буларнинг барчаси Тошкентга етиб келгунгача бўлган орзулар. Бу ерга келгач, асл ҳаётни кўрган талабалар аслида ҳаммаси улар ўйлаганчалик осон эмаслигини бир деганда англаб олишлари мумкин. Нега деганда, талаба бўлдим, энди Тошкентда ўқийман, деб йўлга чиққан талабанинг биринчи ўйи қаерда яшайман, ётоқхона беришармикан, ижарага уй топа оламанми, деган саволлар бўлади. Ораларида бу ерда қариндошининг уйи бўлган бир ёки икки нафар “омадли”си бўлиши мумкин. Аммо улар ҳам вақтинчалик омадлилар. Барибир муқим яшашлари учун бирор жойни ҳал қилишлари керак. Университет ётоқхонаси барча талабаларни ўз бағрига ололмайди, квартираларда ижара нархи эса қиммат. Ҳамма машмаша ана шундан бошланади. Пойтахт ҳақидаги гўзал хаёллар ўрнини қуюқ туман қоплайди.
ЁТОҚХОНАЛАРИМИЗ ҚАНЧА ТАЛАБАНИ ҚАМРАБ ОЛОЛАДИ?
Келинг, шу ўринда статистикага эътиборимизни қаратамиз. 2020 йил сентябрь ҳолатига кўра, республикадаги олий таълим муассасалари сони 123 тага етди. Жумладан,
* давлат олий таълим муассасалари – 93 та,
* нодавлат олий таълим муассасалари – 8 та,
* хорижий ОТМлар ва филиаллари – 22 та.
Булар ҳарбий ва диний олий таълим муассасалари, шунингдек магистрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилган айрим тармоқ таълим муассасаларидан ташқари.
Сўнгги тўрт йилда қабул квоталарининг оширилгани натижасида олий таълим муассасаларидаги талабалар сони деярли икки баробарга кўпайди. Бироқ талабалар контингентининг ортиши билан пайдо бўладиган янги вазифалар, жумладан, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш, кенгайтириш, уларнинг қувватини ошириш, талабаларни турар-жой билан таъминлаш каби муҳим вазифалар борасида олиб борилаётган ишларни қониқарли, деб бўлмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодировнинг 2019 йил 10 октябрда берган маълумотига кўра, ҳозирги кунда мамлакатимиздаги 93 та маҳаллий ва 22 та хорижий олий таълим муассасалари ва филиалларининг 81 тасида жами 49188 ўринли 189 та талабалар турар-жойи мавжуд, холос. Улардаги талабалар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам талаб даражасида эмас. Уларнинг бир қанчаси капитал таъмирга муҳтож. Аммо талабларга жавоб бермайдиган, етарли шароит яратилмаган талабалар турар-жойидан бошпана топган ёшлар ўзини омадли, деб ҳисоблаши мумкин. Чунки ўрганишлар натижасига кўра, бугунги кунда 56 мингга яқин талабада талабалар турар-жойига эҳтиёж мавжуд. Шунингдек, 85 мингга яқин талаба ижара хонадонларида яшайди. Айниқса, Тошкент шаҳрида ижарада яшаётган талабалар ҳар ойда 300 мингдан 500 минг сўмгача ижара учун пул тўлаб яшаётгани, аксариятининг оиласи учун қийинчилик туғдириши табиий ҳол.

БИР ТАЛАБАНИНГ ОЙЛИК ХАРАЖАТИ
Мавзунинг асл моҳиятини янада яхшироқ тушуниш учун келинг, биргаликда талабанинг бир ойлик харажатларини ўртача миқдорда ҳисоблаб чиқамиз.
Ижара ўртача нархи:
400 минг сўм (камида икки нафар шерик билан бўлганда);
озиқ-овқат учун ўртача: 300 минг сўм (камида икки нафар шерик билан бўлганда);
ойлик йўл чиптаси: 60 минг сўм (талабалар учун, аммо фақат жамоат транспортининг бир тури учун);
кунлик овқатланиш: 10 минг сўм (1 ойда 260 минг сўм);
Ўқув қуроллари ва олиниши керак бўлган баъзи китоблар учун: 100 минг сўм.
Жами: 1 млн. 60 минг сўм
Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бир ойда битта талаба 1 млн. 60 минг сўм сарфласа, 10 ойда бу маблағ 10 млн. 600 минг сўмга айланади (2 ойлик ёзги таътилдан ташқари ҳисобланса). Унинг контракти ўзи энг камида 10 млн. сўмдан ошади. Шунда талабанинг бир йиллик харажати ўз-ўзидан 20 млн. 600 минг сўмдан ҳам кўпга тушади. Хўш, бу оилада бир эмас, иккита талаба бир вақтда ўқиса-чи? Бу харажатлар яна шунчага кўпаяди, дегани. Газетанинг ўтган сонидаги мақоламизда ҳам айтгандик, Ўзбекистондаги ўртача ойлик 3 млн.га ҳам етмай турган бир вақтда ота-оналар бунча пулни қаердан топиб беришсин? Тўғри, ҳозир юртимизда пандемия. Истаганлар масофадан туриб ўқияпти. Аммо карантин тугагач, яна оддий ҳаёт тарзига ўтамиз. Биринчи курс талабалари эса аллақачон анъанавий ўқишга ўтишди.
МАЪЛУМОТ УЧУН
2019-2020 йиллар манзилли рўйхатига киритилган қурилиш ишлари доирасида 2400 ўринли янги талабалар турар-жойлари қурилиши режалаштирилган. Бироқ юқорида келтирилган талабалар турар-жойларига бўлган эҳтиёж ҳақидаги маълумотларни ҳамда келгуси ўн йилда олий таълим муассасалари учун қабул квотасини мактаб битирувчилар сонига нисбатан 50 фоизгача ошириш вазифаси белгиланганини (у ҳолда жами талабалар сони ҳозиргидан 3-4 баробарга ортади) инобатга оладиган бўлсак, ишларнинг шу суръатда давом этишида талабалар турар-жойига бўлган эҳтиёжни 50 йилда ҳам қоплаб бўлмайди.
ТОШКЕНТДА МУАММОГА АЙЛАНАЁТГАН ТАЛАБАЛАР ТУРАР-ЖОЙИ МУАММОСИНИНГ САБАБЛАРИ НИМА?
Тошкентда талабалар турар-жой муаммоси қуйидаги омиллар сабаб жиддий тус олмоқда:
• Олий таълим муассасаларига 2016 йилдан буён қабул квоталарининг қарийб 2 баробар ошганлиги;
• Пойтахтда янги университетлар очилганлиги ва очилаётганлиги;
• Республикадаги ОТМларнинг ярмидан кўпи Тошкентда жойлашганлиги;
• Янги ташкил этилаётган нодавлат ОТМлар фақатгина ўқув биносига эга бўлиб, ётоқхонаси мавжуд эмаслиги.
ЖАҲОН ТАЖРИБАСИГА ЮЗЛАНАМИЗ
Биз ҳар соҳада жаҳон тажрибасидан андоза олишга ўрганганмиз. Шундай экан, бу соҳада ҳам жаҳон тажрибасига юзланамиз. Мисол учун, бутун дунёда кўпгина университетлар шаҳар четида бўлади, токи талабанинг фикри чалғимасин, ётоқхона қуриш осон бўлсин ёки арзон уй топилсин, деган мақсадда. Сабаби, ўзимиздан ҳам маълумки, шаҳар марказида ижара нархи қиммат ва атроф сершовқин.
МУАММОНИ ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИШ МУМКИН?
Бугунги кунга келиб биз ҳам анча-мунча янги уйларни қуриб битказиб, ўз эгаларига топшириб бўлдик. Айтиш мумкинки, бу соҳада бирмунча тажрибага эгамиз. Энди худди шундай кўпқаватли бинолар университетлар ёнидан бир хонаси 2 ёки 3 кишига мўлжалланган қилиб қурилса. Нархини эса ётоқхоналаримиздан бирозгина фарқли белгиласак ҳам талабаларимиз “жон” деб рози бўлишлари аниқ. Узоқдан арзон квартира қидириб, “олтин даврлари” йўлда автобус кутиб ўтгандан кўра, олий таълим муассасаси ёнидаги янги, ихчам, муҳими фақат талабалар учун мўлжалланган бинода яшашни кўпчилик афзал билса керак. Кичик бўлса-да, барча шароитлари бўлгани учун бундай уйларга талабалар тез кўникади. Асосийси, талабалар бир олам юкларини кўтариб, ижарама-ижара кўчиб юришдан, беқарор ҳаётдан ва ҳамёнини ҳисобга олиб ҳаддан зиёд кўпчилик бўлиб туришдек муаммодан қутулишади. Шунда уларни, яъни келажагимиз эгаларини илм олишдек савобли ишдан ҳеч нарса чалғитолмайди...
Моҳинур РУСТАМОВА
МАНБА: "ДАРАКЧИ" ГАЗЕТАСИ (№43 (1122) 26.11.2020)






