Сайёра ресурсларини сақлаб қолиш учун Ер аҳолисини тахминан 4 миллиард кишигача камайтириш керак. Бу ҳақда олимлар тадқиқотига таяниб, "Daily Mail" хабар берди.
Нашрда қайд этилишича, бу таклиф биринчи қарашда кескин туюлиши мумкин, аммо мутахассислар аҳоли сонининг жадал ўсиши табиий ресурсларга босимни кучайтираётганини таъкидламоқда.
Сўнгги юз йил ичида дунё аҳолиси кескин кўпайиб, 8,3 миллиард кишига етган. Агар мавжуд демографик тенденциялар сақланса, XXI аср охирига келиб аҳоли сони 11,4 миллиард нафаргача етиши мумкин.
Тадқиқотчилар фикрича, сўнгги ўн йилликларда инсон фаолиятининг табиатга таъсири сезиларли даражада ошган. Жумладан, карбонат ангидрид чиқиндилари кўпайган, биологик хилма-хиллик қисқарган, энергия истеъмоли ва табиий бойликларни қазиб олиш ҳажми кескин ошган.
Мутахассислар таъкидлашича, кейинги икки юз йил давомида аҳоли сонини ихтиёрий равишда камайтириш имкони бўлса, бу атроф-муҳитга бўлган босимни пасайтириш ва инсоният учун етарли ресурсларни таъминлашга ёрдам бериши мумкин.
Шу билан бирга, олимлар бу мақсадга мажбурлаш ёки куч ишлатиш орқали эмас, балки аёлларнинг репродуктив ҳуқуқларини таъминлаш, таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали эришиш мумкинлигини таъкидламоқда.
Маълумот учун, ҳозирги кунда дунё аҳолиси 8,3 миллиард кишидан ошган. Аҳолининг асосий қисми Осиё ва Африка қитъаларида яшайди.
Тарихда дунё аҳолиси илк бор 1800 йилда 1 миллиардлик чегарадан ошган. Кейинги икки асрда тиббиёт тараққиёти, санитария шароитларининг яхшиланиши ва турмуш даражасининг ўсиши аҳоли сонининг тез суръатларда кўпайишига сабаб бўлган.
Айни пайтда аҳолиси энг кўп давлатлар қаторида Ҳиндистон ва Хитой етакчилик қилмоқда. Улардан кейин АҚШ, Индонезия ва Покистон каби мамлакатлар ўрин олган.
БМТ прогнозларига кўра, дунё аҳолиси 2080-йилларга бориб тахминан 10,3 миллиард кишига етиб, ўзининг энг юқори нуқтасига чиқиши мумкин. Шундан сўнг аҳоли ўсиши секинлашиб, барқарорлашиши кутилмоқда.






