АсосийЖАМИЯТ

Туркияда ўзбекистонликлар кўп яшайдиган Истанбулда кенг кўламли рейд ўтказилди

Бу ҳақда "TRT Haber" хабар берди.

'Туркияда ўзбекистонликлар кўп яшайдиган Истанбулда кенг кўламли рейд ўтказилди'ning rasmi

Туркияда ўзбекистонликлар кўп яшайдиган Истанбулда кенг кўламли рейд ўтказилди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида кенг кўламли хавфсизлик рейди ўтказилди. Операция давомида 819 нафар шахс қўлга олинган, юзлаб қуроллар ва гиёҳванд моддалар мусодара қилинган.

Қайд этилишича, 4 август куни Истанбулда ўтказилган "Huzur İstanbul" ("Тинч Истанбул") операцияси давомида 315 минг 909 нафар шахс текширилган. Улар орасида турли жиноятлар бўйича қидирувда бўлган 396 нафар гумондор ҳам бор.

Операция Истанбул Жамоат хавфсизлиги бошқармаси мувофиқлигида икки босқичда ўтказилган. Биринчи босқичда 195 та назорат пунктида 1209 нафар ходим иштирокида текширувлар амалга оширилган. Тадбирга полиция вертолёти ҳамда Денгиз порти бошқармасига қарашли бешта катер жалб этилган.

Иккинчи босқичда эса жамоат жойларида 1104 нафар ходим иштирокида текширувлар олиб борилган.

Рейд давомида 18 та рўйхатдан ўтмаган тўппонча, 4 та ов милтиғи, 4 та газли тўппонча, 180 дона ўқ-дори, 607 грамм гиёҳванд модда ҳамда 618 дона гиёҳвандлик таблеткаси аниқланган.

Шунингдек, гиёҳванд моддалар савдосидан олингани тахмин қилинаётган 5405 турк лираси ва 200 АҚШ доллари ҳам мусодара қилинган.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари 519 та жамоат объектини текширган. Уларнинг бештаси бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ўтказилган назоратлар давомида 41 минг 292 та автомобиль ва 2040 та мотоцикл текширилган. Қоидабузарлик содир этган 2528 та транспорт воситаси ҳамда 67 нафар ҳайдовчига нисбатан чора кўрилган.

Қоидабузар ҳайдовчиларга жами 3 миллион 461 минг 14 турк лираси миқдорида жарима қўлланилган.

Маълумот учун, Туркияда ўзбекистонлик фуқаролар 90 кун давомида визасиз қолиши мумкин. Ушбу муддатдан ошган ҳолларда эса мамлакат миграция органларидан тегишли рухсат олиши талаб этилади.

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, ҳозирда Туркияда қарийб 130 минг нафар ўзбекистонлик истиқомат қилмоқда. Уларнинг 80 минг нафари қонуний асосда яшаса, тахминан 50 минг нафар фуқаро миграция талабларини бузган ҳолда қолмоқда.

Таққослаш учун, 2026 йил февраль ойида Туркияда яшаш ҳуқуқига эга ўзбекистонликлар сони 60 минг нафар атрофида бўлган, ноқонуний яшовчилар эса 70 минг нафарни ташкил этган эди. Шу тариқа ярим йил ичида қонуний мақом олган ўзбекистонликлар сони 20 минг нафарга кўпайган, ноқонуний яшовчилар сони эса шунчага камайган.

    Бошқа янгиликлар

    Туркияда ўзбекистонликлар кўп яшайдиган Истанбулда кенг кўламли рейд ўтказилди - Darakchi.uz