АсосийЖАМИЯТ

Самарканд-2028 гиперспектрал сунъий йўлдоши 5 август куни орбитага муваффақиятли учирилди

Бугун ижтимоий тармоқларда "Самарканд-2028" миссияси юзасидан турли талқиндаги фикрлар тарқалмоқда.

'Самарканд-2028 гиперспектрал сунъий йўлдоши 5 август куни орбитага муваффақиятли учирилди'ning rasmi

Хусусан, айрим манбаларда ушбу лойиҳа "Ўзбекистоннинг биринчи сунъий йўлдоши учирилди" деган мазмунда ёритилмоқда.

"Самарканд-2028" Ўзбекистоннинг миллий сунъий йўлдоши эмас. У Хитойнинг СТАР.ВИСИОН компанияси томонидан яратилган Ерни масофадан зондлашга мўлжалланган гиперспектрал сунъий йўлдош бўлиб, лойиҳа "Ўзбеккосмос" агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Мазкур миссиянинг энг муҳим ва тарихий жиҳати шундаки, STAR.VISION компаниясининг халқаро лойиҳалари тарихида илк бор "Ўзбеккосмос" агентлиги муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган сунъий интеллект модули сунъий йўлдошнинг борт тизимига интеграция қилинди.

Бу оддий дастурий таъминот эмас. Сунъий интеллект модули сунъий йўлдош томонидан олинган тасвир ва маълумотларни Ерга узатилишидан олдин бевосита орбитанинг ўзида қайта ишлайди. Натижада узатиладиган маълумотлар ҳажми камаяди, керакли ахборот тезкор олинади ва кейинги таҳлил жараёнлари самарадорлиги сезиларли даражада ошади.

Шу маънода, Ўзбекистон ушбу лойиҳада маълумотлардан фойдаланувчи ёки кузатувчи сифатида эмас, балки миссиянинг муҳим технологик ечимларидан бирини яратган ҳамкор сифатида иштирок этди. Бу эса мамлакатимиз муҳандисларининг салоҳияти халқаро миқёсда эътироф этилганидан далолат беради.

Сунъий йўлдошга "Самарканд-2028" деб номланиши рамзий маънога эга. 2025 йилда Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгрессида "Ўзбеккосмос" агентлиги ташаббуси билан Самарқанд шаҳри 2028 йилда ўтказиладиган 79-Халқаро астронавтика конгресси (ИАC) мезбони этиб сайланган эди. Мазкур тарихий воқеа нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун катта ютуқ бўлди. Айнан шу сабабли сунъий йўлдошга "Самарканд-2028" номи берилди.

"Самарканд-2028" бу – Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги йирик халқаро космик лойиҳа бўлиб, унда ўзбекистонлик муҳандислар ишлаб чиққан сунъий интеллект модули илк бор халқаро сунъий йўлдош миссиясида қўлланилди.

Бу Ўзбекистон космик саноати ривожида муҳим босқичдир. Чунки мамлакатимиз илк бор халқаро космик лойиҳада юқори технологик ечим яратувчиси сифатида иштирок этди. Айнан шу тажриба келгусида миллий сунъий йўлдош дастурларини, жумладан, ўзбекистонлик муҳандислар томонидан ишлаб чиқилаётган "Мирзо Улуғбек" илмий сунъий йўлдоши лойиҳасини амалга ошириш учун муҳим илмий ва муҳандислик пойдеворини яратади.

    Бошқа янгиликлар

    Самарканд-2028 гиперспектрал сунъий йўлдоши 5 август куни орбитага муваффақиятли учирилди - Darakchi.uz