Жиззах вилоятида танилган блогер Орзигул Ўразматова йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, фожиа 5 август куни соат тахминан 03:00 ларда Жиззах шаҳридаги Ўратепалик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи Ислом Каримов кўчасида содир бўлган.
Маълумотларга кўра, Орзигул Ўразматова бошқарувидаги "Gentra" русумли автомобиль "Қалия МФЙ – Ором бозор" йўналишида ҳаракатланаётган вақтида ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги дарахтга бориб урилган.
Оқибатда ҳайдовчи оғир тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан, унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.
Автомобилда йўловчи сифатида бўлган 2008 йилда туғилган И.М. ҳам жароҳатлар билан шифохонага етказилган. Ҳозирда унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Маълум бўлишича, Шароф Рашидов туманида истиқомат қилган Орзигул Ўразматова 21 ёшда бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар Ички ишлар бошқармаси Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Darakchi.uz таҳририяти марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдиради.






