АсосийЖАМИЯТ

"Архив бу - фақат иш стажларига оид маълумотлар сақланадиган жой эмас" — Ўзбекистон Миллий архиви директори (фото)

"Архив деганда, кўпчиликда эски-туски қоғозларни сақлайдиган, қари кампирлар ишлайдиган ва...

'"Архив бу - фақат иш стажларига оид маълумотлар сақланадиган жой эмас" — Ўзбекистон Миллий архиви директори (фото)'ning rasmi

"Архив деганда, кўпчиликда эски-туски қоғозларни сақлайдиган, қари кампирлар ишлайдиган ва иш стажларига оид маълумотлар сақланадиган ташкилот”, деган фикр уйғонади дейди Ўзбекистон Миллий архив директори Дилбар Закирова. Аслида-чи? Мазкур саволга “Ўзархив” агентлиги тизимидаги давлат архивларида сақланиб келинаётган Миллий архив фондининг алоҳида қимматли ва ноёб (қоғоз шаклидаги, кино, фото ва фоно) ҳужжатлар кўргазмалари” мавзусида ўтказилган пресс-турда атрофлича маълумот берилди. Аниқроғи, Ўзбекистон миллий архивлари фаолияти, яратилган шароитлар ва уларда сақланаётган алоҳида қимматли ҳамда ноёб архив ҳужжатлари билан таништирилди. Даставвал Ўзбекистон Миллий архивига ташриф буюрдик.

Дилбар Закирова, Ўзбекистон Миллий архив директори: — “Узархив” агентлиги тизимида 3 та миллий архив, 101 та давлат архиви, 123 та шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари фаолият кўрсатади. Ундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларда архив иши ҳудудий бошқармалари иш юритади. 

Ўзбекистон Миллий архиви республикадаги ягона ва Марказий Осиёдаги энг йирик архивлардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви Ўзбекистон ССР Министрлар Кенгашининг 1958 йил 20 ноябрдаги “ЎзССРда архив ишини ривожлантириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги Қарорига асосан иккита йирик Марказий давлат тарихий архиви, Октябр инқилоби Марказий давлат архивларини бирлаштириш натижасида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Прeзидентининг 2019 йил 20 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги №ПФ-5834-сонли Фармонига асосан Ўзбекистон Марказий давлат архивига "Ўзбекистон Миллий архиви" мақоми берилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Миллий архивида 3 мингдан зиёд фондларда 1 млн. 800 минг сақлов бирлигидан зиёд ҳужжатлар сақлаб келиняпти. Улардан 400 мингдан ортиқ ҳужжатлар ўта қимматли ва ноёб ҳужжатлар сирасига киради. Шунингдек, турли хил вазирликлар, ташкилотлар, қўмиталарнинг шахсий таркиб ва вақтинча сақланадиган ҳужжатлари сақланади. 

Архивдаги ҳужжатлар 3 та даврга бўлинади:

1. Инқилобгача бўлган давр ҳужжатлари. Улар алоҳида қийматли, ноёб ҳужжатлар. 

2. Шўролар даври тарихини ўзида акс эттирган архив ҳужжатлари.

3. Мустақиллик даври ҳужжатлари.

Соҳамиздаги оғриқли муаммолардан бири бу – архив иши ва архивчиларга паст назар билан қаралади. Баъзи нуфузли ташкилотдагиларга “архивга хона ажратиш керак”, дейилганда негадир ертўладан жой ажратишади ёки архивчи штати бўлмайди. Бу эса ҳужжатларни жамланишида ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Аслида ҳар бир соҳанинг ўз тарихи бор. Ўтмишимиз ҳақида ҳаққоний далолат берадиган муҳим манбалар айнан архивларимиз фондларида сақланади. Шу маънода архивга етарлича эътибор қаратишимиз лозим.  

“РЕСПУБЛИКАДА, ҲАТТО МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ҲАМ БУНДАЙ ҚАДИМИЙ ҲУЖЖАТ ЙЎҚ”

Ўзбекистон Миллий архиви кўргазмалар зали билан бўлим мудири Абдурасул Яхшибоев таништирди:

— Фондимиздаги энг қадимий ва энг қизиқарли, ноёб ҳужжатлардан бири бу – IX асрга тегишли Сомонийлар даврига оид вақф ҳужжати ҳамда XV асрга тегишли Амир Темур вақф қилган ҳужжатлари ҳисобланади. Республикада, ҳаттоки Марказий Осиёда ҳам бундай қадимий ҳужжат йўқ. Мазкур вақф қилинган ҳужжатнинг асл нухсаси махсус қути ва тегишли ҳароратда сақланади. 

Сўнг даврийлиги ва қадимийлиги билан Хива хонлиги, Қўқон хонлиги ҳамда Бухоро амирлиги девонхоналари вақф ҳужжатлари диққатни тортади. Музейда шунингдек, Шўролар даврига тегишли архив тизими тарихини ёритувчи, Чор Россияси даврида бошқарувда бўлган генерал-губернаторлар қарорлари, фармонлари каби ҳужжатлар ўрин эгаллаган.

Шофиркон тумани чорвадорларига Амир Темур Кўрагоний томонидан 1030 таноб ерни вақф қилингани ҳужжат (нусха), XV аср.  

Бухоро амири Саййид Амир Ҳайдарнинг Бухоро вилоятига қозикалонлик мансабига тайинланган ёрлиғи (1800 йил).   

Қўқон хони томонидан Қўқон шаҳридаги Далаильхон мадрасасига вақфномаси (XIX аср).

Хива хонлиги фуқароларининг паспорти (1908 йил). У вақтларда расм бўлмаган, шу боис одамнинг ёши, бўйи, кўзига қараб таърифланган.

  • Усмонийлар империясининг махсус аскарларга тегишли паспорти, Туркия давлатининг муҳри (1856 йил).
  • "Дса" Масон ложасини ташкил этиш тўғрисидаги далолатнома (Франция, 19.07.1809 й.).
  • Фарғона вилояти гербининг лойиҳаси (1876 й.)

Макканинг чизмаси. 1865 йилда ҳожиларимиз Саудия Арабистонига бориб, ҳаж қилганлиги учун берилган ҳужжат ҳисобланган. Шунингдек, бу чизмада Ҳаж қандай тартибда амалга оширилишини кўрсатадиган харита вазифасини ҳам бажарган. Бу ҳам ноёб ҳужжатлардан бири.

Кема чизмаси: рамазон ойида ушр, фитр садақаларини бериш тартиби кўрсатилган ҳужжат (1864 й.).

Қўқон хонлигига тегишли кичкина ҳужжатчалар бу – ўша даврда мақбара, қабристонга бориб ўқилганда тўланган патта.

"Каломи Шариф" - Қуръони Каримнинг қозонбосмаси нусхаси бўлиб, 1270ҳ./1853 м.йилда Муҳсин Солиҳ ўғлининг сайн-ҳаракатлари билан Қозон университети босмахонасида, жами мусулмонлар ўқиши ва ўрганишлари учун чоп этилган  Ушбу китоб 550-саҳифадан иборат. 

18 та белги, уларнинг ичида калималар, пайғамбарлар исми, дуолар ёзилган ҳужжатлар (1864).

  • Мулла Аманбой Уста Урунбой ўғли Кўкча Чақичмон мадрасасига "Жаннат калити" деб атаган ҳужжат (1914 й.)
  • Афғон фуқароларига берилган паспортлар (1903 й.)

Фаолиятимиз давомидаги энг катта қўлга киритган ютуғимиз бу – 2017 йилда “Хива хонлиги канцелярияси” ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастури рўйхатига киритилганидир. Архивда сақланаётган “Хива хонлиги канцелярияси”, “Бухоро Амирлиги Қушбегиси”, “Қўқон хонлиги” каби фондлар узоқ ўтмишни холис ўрганиш ва тадқиқ этишда муҳим ҳамда қимматли манба ҳисобланади. 

“Хива хонлиги архив ҳужжатлари” фонди ҳужжатларининг аслийлиги ва халқаро аҳамиятга эга эканлигини инобатга олган ҳолда мазкур фондни тўлалигича ЮНЕСКО рўйхатига киритиш бўйича иш олиб борилган. Тегишли материаллар тайёрланиб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида аннотациялар билан ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастури халқаро рўйхатига киритиш учун тақдим этилганди. Шу масала юзасидан Париж шаҳрида бўлиб ўтган мажлисда номзодлар кўриб чиқилиб, унда бутун дунё мамлакатларидан 78 та номзод мазкур рўйхатга киритилиши учун тавсия этилганди. “Хива хонлиги канцелярияси” номзоди ЮНЕСКО дастури бўйича халқаро қўмита мажлисида учинчи бўлиб эътироф этилиб, халқаро миқёсдаги сертификат билан тақдирланган.

Ҳозирда рўйхатимизда “Бухоро Амирлиги Қушбегиси” канцелярияси ҳужжатлари тайёрланяпти. У 10 мингга яқин сақлов бирлигидаги ноёб ҳужжатлардан иборат.

Фонддаги энг узун вақф ҳужжати 84 метр, энг кичиги 20 см.

“РЕСТАВРАЦИЯ КИЛИШ, УНИ ЧИРОЙЛИ КЎРИНИШГА КЕЛТИРИШ ЭМАС, БАЛКИ...”

106 нафар ходим фаолият юритадиган архивда 10 та бўлим бор. Шулардан бири Миллий архив фонди ҳужжатлари сақловини таъминлаш лабораторияси. Мазкур бўлимда ҳужжатларни реставрация қилиш воситалари, махсус қоғоз ва елимлар, ҳамда турли дастгоҳлар фаолияти билан танишилди. 

Гулмира Каунбаева, Миллий архиви ҳужжатлари сақловини таъминлаш лаборатория мудири: — Бўлимда қоғоз асосидаги ҳужжатларни самарали реставрация қилиш ишлари олиб борилади. Ҳужжатларни сақловхона ходимлари маълум бир фонддаги реставрация қилишга муҳтож ҳужжатларни саралаб, буюртма варағи асосида таъмирловчига топширишади. Ҳар бир таъмирловчига 20-30 тадан ҳужжат тўғри келади. 

Таъмирловчилар қабул қилиб олинган ҳужжатнинг ҳар бирини варақма-варақ текшириб олишади. Қайсидир варағи зарарланган ёки маълум бир варағи йўқ бўлса, яна сақловхона ходимларига мурожаат қилинади. 

Улар топилган камчиликларни тўлдириб беришади. Шундан сўнг таъмирловчилар ўз ишини бошлайди. Яъни, ҳужжатнинг кўринишидан келиб чиқиб, сочма ёки яхлит ҳолатда реставрация ишлари олиб борилиши борасида бир тўхтамга келишади. Имкон қадар ҳужжатнинг асл ҳолатини тиклашга эътибор қаратилади. Агар ҳужжат сочма ҳолатда бўлса, унинг ҳар бир варағини реставрация қилишга тўғри келади. 

Бордию ҳужжат маълум бир оқибатлар натижасида реставрация ҳолатига келиб қолса, у ҳолда ҳужжатни тиклашда ишлатиладиган хар бир материал (Веберсабел) орқага қайтарилиш имконига эга бўлиши керак. Реставрация ишларини амалга оширишда метилецеллюлоза елимидан фойдаланилишнинг сабаби ҳам айнан орқага қайтариш имконининг борлигидадир. Ҳужжатни реставрация килиш, уни чиройли кўринишга келтириш эмас, балки унга минимал даражада таъсир кўрсатиб, жисмоний ҳолатини тиклаш, ўзининг функционал вазифасини қайта ўташининг имконини яратишга қаратилган.

Асл нусха ҳужжатлари қўл билан ушланмайди, улар билан ишлашда қўлқоп, ниқоб тақиш каби махсус талаблар мавжуд. 

1900 йилга оид ҳужжат. Ўша вақтдаги Тошкент ҳокимиятининг қарорлари жамланган ҳужжат.    

“САҚЛОВ ХОНАЛАРДА ҲАВО ҲАРОРАТИ 17 ДАРАЖАДАН ОШИШИ КЕРАК ЭМАС”

“Ҳужжатларни мухофаза қилишни таъминлаш” бўлими ҳақида мазкур бўлим мудири Абдулла Ўроқов атрофлича тушунтириш берди: 

— Сақлов хонамизда тарихий, ноёб ва алоҳида қийматли ҳужжатлар сақланади. Асл нусха ҳужжатларини камдан кам кишиларга намойиш қиламиз. Боиси уларни кўз қорачиғимиздек асрашимиз керак. 

Мазкур Инқилоб даврига оид тарихий ҳужжат “Бухоро Амирлиги Қушбегиси” канцеляриясига оид. Бунда Бухоро амири Саид Амир томонидан Бухоро вилоятига Қози-каълон тайинлангани тўғрисидаги ёрлиқ ҳисобланади.

Шўролар даврига оид ҳужжатлар ҳам шу сақловхоналарда сақланади. Бу дарга оид ҳужжатлар 1917 йилдан 1990 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. 

Конституциямизнинг тарихига оид ҳужжатлар ҳам мавжуд. 1920 йилдан то бугунги кунгача бўлган конституцияларнинг асл нусхалари сақланади. Стол устида турган ҳужжатлар – Биринчи Президентимиз томонидан Конституциямизга тузатишлар киритилган асл нусхаси. 

Фаолиятимиз Архив иши тўғрисидаги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелда қабул қилинган 101-сонли Қарорига оид фаолият юритади. Унга кўра, ойлик ва йиллик режаларимиз бор. 

Масалан, 2020 йилда 4 мингта ҳужжат қабул қилишимиз керак.

Муддати тугаган ёки тугатилган ташкилотлар бутлаш манбаимизга кирилгани боис, уларнинг барча ҳужжатлари илмий-техникавий ишлов берилган, рўйхати тузилган ва дориланганидан кейингина архивимизга келиб тушади. Уларни рўйхат асосида қабул қилиб оламиз. Ҳужжатларни коробкаларга жойлаштириб, фонд рақамлари, даври, ҳужжатнинг рақамигача ажратиб кўрсатилади. Бу ташкилот ёки тадқиқотчилар ҳужжат сўраганида қисқа муддатда тақдим қилиш учун қулайлик беради. 

Қоғозли ҳужжатни сақлаш тартиб тамойилларига асосан ҳужжатхоналарнинг ҳарорат намлиги мунтазам назорат остида. Сақлов хоналарда ҳаво ҳарорати 17 даражадан ошиши керак эмас, нисбий намлик эса 40-50 фоиз бўлиши керак.

“БАЪЗИ ҲУЖЖАТЛАР НЕГА ТЕРИДАН ИШЛАНГАН СУМКАДА САҚЛАНАДИ?”

Мавжуда Мирзаева, сақловхона мудири: — Тарихга оид: 1868 йилдан 1917 йилгача бўлган ҳужжатлар сақланади. Вақф ҳужжатларимиз ноёб ҳужжатлардан бири саналади. Улар цилиндр қутиларда сақланади. Ўрама ҳолатдагисининг бош қисми эса терига ўралган бўлади. 

Ноёб ҳужжатларнинг 80 фоиздан, қимматли ҳужжатларнинг эса 36 фоиздан ортиғи рақамлаштирилган. 

Улар орасида асосан Туркистон генерал-губернаторлиги, 1867 йилдан 1881 йилгача бўлган: 14 йил ичида ўлкамиз ишининг фаолиятини олиб борган Кауфман ҳужжатлар ҳам мавжуд. Улар асосан маъмурий хўжалик ва судга оид ҳужжатлар ҳисобланади.             

            Сақлов хонадаги ҳужжатларнинг баъзилари картон, баъзилари теридан ишланган сумкада эканини кўриб, “нега сумкада?” деган савол туғилиши табиий. СССР Олий советининг ҳужжатларини шу сумкада олиб келишган. Боиси бу ҳужжатлар вертикал ҳолатда сақланиши лозим экан.   

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист. 

Фотомухбир: Омил ХАКИМОВ

    Бошқа янгиликлар