АсосийЖАМИЯТ

Сурхондарёда фуқаролар икки нафар ЙПХ ходимига тан жароҳати етказди

Ҳодиса 9 август куни содир бўлган.

'Сурхондарёда фуқаролар икки нафар ЙПХ ходимига тан жароҳати етказди'ning rasmi

Сурхондарё вилояти Ангор туманида хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, уларга тан жароҳати етказган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳодиса 9 август куни содир бўлган.

Маълум қилинишича, 39 ёшли Т.У. «Дамас» автомашинасида ҳаракатланиб кетаётганида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимларини кўрган ва ҳаракат йўналишини ўзгартириб, қочишга уринган.

ЙПХ ходимлари автомашинани кузатиб борган. Ҳайдовчи Илғор маҳалласидаги яшаш уйи яқинида машинадан тушиб, қочишга ҳаракат қилганида ходимлар уни тўхтатган.

Шундан сўнг ҳайдовчидан спиртли ичимлик ҳиди келаётгани аниқланган ва уни тиббий кўрикдан ўтказиш учун олиб боришга ҳаракат қилинган.

Бироқ шу вақтда воқеа жойига ҳайдовчининг укаси Т.О., турмуш ўртоғи Н.Н., яна бир укаси Т.З. ҳамда қўшниси М.М. етиб келган.

Улар хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар органлари ходимларига фаол қаршилик кўрсатган ва икки нафар ЙПХ ходимига тан жароҳати етказган.

Ҳодиса юзасидан Ангор тумани прокуратураси ва ИИБ тезкор-тергов гуруҳи вакиллари воқеа жойига бориб, ҳолатни ўрганган.

Шу куни фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми — ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Сурхондарёда фуқаролар икки нафар ЙПХ ходимига тан жароҳати етказди - Darakchi.uz