Наманганнинг “Навбаҳор” футбол клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Муҳаммадқодир Ҳамралиев билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
27 ёшли футболчи “Навбаҳор” сафига Тошкентнинг “Пахтакор” клубидан келиб қўшилди. Ҳамралиевнинг наманганликлар билан тузган шартномаси шартлари очиқланмаган.
Муҳаммадқодир Ҳамралиев фаолияти давомида Самарқанднинг “Динамо”, Тошкентнинг “Олимпик” ва “Пахтакор” жамоаларида тўп тепган.
У 2023 йилдан буён Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, футболчи 2021–2024 йилларда Ўзбекистон U-23 терма жамоаси таркибида ҳам майдонга тушган.
Шу тариқа, “Навбаҳор” таркибида яна бир Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси пайдо бўлди.






