Аввалроқ “Ўзархив” агентлиги тизимидаги давлат архивларида сақланиб келинаётган Миллий архив фондининг алоҳида қимматли ва ноёб (қоғоз шаклидаги, кино, фото ва фоно) ҳужжатлар кўргазмалари” мавзусида пресс-тур ўтказилгани ҳақида хабар қилгандик. Пресс-турда Ўзбекистон миллий архивлари фаолияти, яратилган шароитлар ва уларда сақланаётган алоҳида қимматли ҳамда ноёб архив ҳужжатлари билан таништирилди. Жумладан пресс-тур давомида Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архивига ҳам ташриф буюрилди.

Мазкур архив 1962 йил 2 июнда ташкил этилган. Архивнинг ташкил этилишининг асосий мақсадларидан бири сифатида Ўзбекистонда тиббиёт сохасидаги олиб борилган ва борилаётган тадқиқот ишлари бўйича ҳужжатларни ўрганиш, ҳар хил касалликлар тарихига оид бўлган тадқиқот ҳужжатларини архивга жамлаш, улардан келгусида фойдаланувчилар учун, илмий-тадқиқотчилар учун диплом ва илмий ишлар, монографиялар ёзишда фойдаланишлари мақсади ҳисобланган. Ўзбекистон Илмий техникавий ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви ўз йўналишидаги ҳужжатларни жамлаш, уларни давлат сақловига қабул қилиш ва сақловини таъминлаш ҳамда ҳужжатлардан фойдаланиш ва уларни эълон қилиш билан шуғулланувчи республикадаги ягона, Марказий Осиё давлатларида йирик архивлардан бири саналади.

Архив директори, техника фанлари доктори, профессор Барат Ахмедовнинг айтишича, бугунги кунда архив фондида республикамизнинг илм-фан, техника ва тиббиёт соҳаси тарихига оид 300 минг сақлов бирлигига яқин хужжатлар сақланаётган экан. Улар асосан:
- саноат,
- қишлоқ хўжалиги,
- сув хўжалиги,
- ўрмон хўжалиги,
- транспорт,
- архитектура,
- қурилиш,
- шаҳарсозлик соҳалари бўйича туркумланади.
Шунингдек Республика аҳамиятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида олиб борилган тадқиқот ишлари ҳам сақланиб келинади. Ҳозирда архивда Республика аҳамиятига молик илмий, техникавий, конструкторлик-лойиҳа ҳужжатлари ва бир қанча тарихий аҳамиятга эга Миллий архив фонди ҳужжатлари сақланади.

Жумладан: қишлоқ хўжалигидаги ривожланишлар тарихи соҳасида Ўзбекистон республикаси вилоятлари, туманларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экинларни зоналар бўйича жойлаштиришдаги тадқиқот натижалари ва таклифлар, сув хўжалиги соҳасида республикадаги сув омборларини қуриш, хўжаликларни сув билан таъминлаш, халқни ичимлик суви билан таъминлаш ва ерларни суғориш техникаси ва технологияси ишлари ҳақидаги ҳужжатлар, ўрмон ҳўжалиги соҳаси бўйича чўл ерларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳақида, қурилиш соҳасида эса шаҳарсозлик, ижтимоий объектлар, йирик корхона ва ташкилотлар, турар-жойлар, бинолар қурилиши, реконструкция қилиш ҳақидаги ҳужжатлар, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича илмий-текшириш институтларида олиб борилган илмий тадқиқот ишлари, тиббиёт соҳаси тарихини ривожлантиришга оид доимий сақланадиган Миллий архив фонди ва бошқарув ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар мавжуд.
Бундан ташқари архивда республикада илм-фан соҳасини ривожланишига ва алоҳида йўналишларнинг тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшган атоқли шахслар, профессор ва олимларнинг шахсий фондлари мавжуд. Уларнинг шахсий ҳужжатлари, фото суратлари, илмий ишларидан намуналар сақланади.

Дастлаб ҳужжатларни электрон нусхаларини яратиш ва архив ҳужжатларини рақамлаштириш хонасига ташриф буюриб, ҳужжатларни рақамлаштириш фаолияти билан яқиндан танишилди.
“ПУЛЛИК ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ СПЕКТРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ЭРИШИЛДИ”
Барат Ахмедов, архив директори: - Архивнинг асосий фаолияти ҳужжатларни сақлашдангина иборат бўлмай, балки унинг асосий йўналишларидан бири ҳужжатлардан фойдаланишни ташкил қилиш ва уни тарғиб қилишдан иборат. Шу билан бирга архивга қабул қилинган ҳужжатларни йиллар давомида асл ҳолда сақлаш ва керакли вақтда фойдаланувчиларга тақдим қилиш архивнинг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бироқ ҳужжатларни сақлашда жой масаласи катта муаммо экани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис бугунги кунда архив фаолиятининг асосий вазифаларидан бири фаолиятга замонавий-ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш. Шу маънода ҳужжатларнинг асл нусхасидан эмас, балки уларнинг электрон нусхаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Архивларда ҳужжатлардан фойдаланишни ривожлантириш, уларнинг тезкор қидирувини таъминлаш, архив ҳужжатларинини қидириб топишда самарадорликка эришиш мақсадида маҳаллий дастурчилар томонидан ишлаб чикилган компьютер дастурлари мавжуд. Бугунги кунда 7 та шундай дастур ишлаб чиқилиб, Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатдан ўтказилди.

Шунингдек, архив хужжатларининг электрон нусхасини яратиш ва ҳужжатларни рақамлаштиришни ривожлантириш мақсадида сақлов бирликларига шикаст етказмасдан ҳужжатларини рақамлаштириш учун мўлжалланган сканер қурилмаси тўғрисида маълумот берилди. Мазкур қурилма маҳаллий дастурчи ва ишлаб чиқарувчилар томонидан ихтиро қилинган бўлиб қурилманинг чет эл аналогларидан бир нечта афзалликлари мавжуд экан. Унинг афзаллиги шунда эканки, 80 фоиз эҳтиёт қисмларини маҳаллий корхоналардан олиш мумкин ва нархи хорижий компаниялар қурилмаларидан 3-10 бараваргача арзон ва тезкор.

Биринчи навбатда ноёб ҳужжатлар рақамлаштирилади ва базага киритилади. Фойдаланувчиларга эса ҳужжатларнинг электрон шаклидан сайтимиз орқали фойдаланиш имкониятлари яратилган.
Архивнинг моддий-техник базасини яхшилаш, ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида архивнинг асосий иш кўрсатгичларига таъсир этмасдан пуллик хизматлар кўрсатиш спектрини ривожлантиришга эришилди. Охирги йилларда архивнинг пуллик хизматлар кўрсатиш эвазига топилган маблағлар 3 бароварга оширилди.

Шунингдек архив фаолиятига ва бошқарувга янги тизим ва халқаро стандартларни жорий қилиш борасида 2 та катта лойиҳа амалиётга тадбиқ қилинди. Жумладан архив фаолиятини қонунчилик ва халқаро стандарт талаблари асосида тизимлаштириш мақсадида ISO 9001-2015халқаро стандарти фаолиятга тадбиқ қилинди.

Шу билан бирга коррупцияни олдини олиш, архив фаолиятида коррупция хавфи бўлган йўналишларни аниқлаш ва уларга қарши ҳаракат механизмларини ишлаб чиқиш мақсадида архив Республикада биринчилардан ўз фаолиятида ISO 37001 “Коррупцияга қарши ҳаракат бошқаруви тизими” жорий қилиниб, ҳар иккала стандартнинг мувофиқлик сертификатлари олинган.

Архив ҳужжатларини қайта тиклаш ва рестоврация қилиш лабораториясига ташриф давомида эса ҳужжатларни рестоврация қилиш воситалари, махсус қоғоз ва елимлар, турли дастгоҳлар фаолияти билан танишилди.

Архив директорининг маълум қилишича, белгиланган вақт оралиғида сақлов хоналаридаги ҳужжатларнинг инвентаризацияси олиб борилар экан. Бу вақтда қайси ҳужжатлар таъмирталаблиги ҳақида экспертларнинг хулосалари шакллантирилади. Шунга асосан ҳужжатлар лабораторияда рестоврация қилинади.

Архивда 18 та сақловхоналар мавжуд бўлиб, у ерда асосан Миллий архив фондига тааллуқли ҳужжатлар, шунингдек, шахсий фондлар ёки шахсий таркиб ҳужжатлари ҳам сақланади.

Ҳужжатларни талаб даражасида сақлаш учун белгиланган талаблар мавжуд. Мазкур архив илмий-техника йўналишида бўлгани боис ўз фаолиятида компьютер технологияларидан фойдаланишни йўлга қўйишга эътибор қаратишган. Мазкур сақлов хоналарга кириш учун махсус “face-control” ўрнатилган.


Бундан кўринадики, сақлов хоналарга фақатгина у ерга кириш рухсат этилган мутахассисларгина кира олади. Аниқроғи, сақловхонага фақатгина архив директори, сақлов билан таъминлаш бўлим бошлиғи ва ўша хонага жавобгар бўлган ходим билан биргаликдагина кириш мумкин.

Ҳар бир сақлов хонага кирганингизда “сенсор-датчик”ка кўзингиз тушади. Улар ҳар бир сониядаги хона ҳарорати ҳақидаги маълумотни тўғридан тўғри компьютер орқали базага етказиб туради. Авваллар эса термометр ёрдамидан фойдаланиб, жадвал орқали хона ҳароратининг ҳисобини чиқарган.

Бундан ташқари иситиш батареялари тагида ҳам “сенсор-датчик”лар бор. Бу ҳолатда “сенсор-датчик”нинг вазифаси батареядан чиқадиган буғ ҳақида маълумот бериш. Ундан ташқари дераза олдидаги “сенсор-датчик”лар сақлов хонасига қуёш тикка нур сочаётганидан хабар бериб туради.

Бордию сақлов хоналарда ёнғин кузатиладиган бўлса, олов сув эмас, балки газ билан ўчирилади. Шу боис ҳар бир сақлов хонасида эшиклар ёпилгач, автоматик тарзда ишга тушадиган ёнғин ўчирувчи мослама бор.

Пресс-тур давомида сақланаётган алоҳида қимматли ҳужжатлар асосидаги махсус кўргазма эътиборимизни тортди ва катта таасурот қолдирди. Кўргазмада турли илмий-техник ва лойиҳа ҳужжатлар, жумладан пойтахтимиздаги диққатга сазовор ижтимоий объектларнинг қурилиши лойиҳа ҳужжатлари, конструкторлик ҳужжатлардан нусхалар намойиш этилди.

Архивдан 20 мингдан ортиқ қимматли ҳужжатлар ўрин олган. Мазкур ҳужжатлар билан Ҳужжатлардан фойдаланиш ва илмий ахборот аппарати бўлими мудири Турғун Мўминов таништирди.

1948 йилда яратилган СХМ-48 номли пахта териш машинасининг технологик чизмаси. Ушбу технологик лойиҳа тасдиқланганидан сўнг умумий ҳисобда 22428 дона пахта териш машинаси ишлаб чиқарилган.

Ҳозирги гемотология ва қон қуйиш институти таркибидаги ҳужжат. 2-жаҳон урушида гемотология ва қон қуйиш станцияларидан 1 млн. 600 тонна консерваланган қон етказиб берилгани ҳақидаги рўйхат ҳам мавжуд.

Шунингдек, архивдан маълум соҳалар ривожига ҳисса қўшган олимларнинг шахсий келиб чиқиш ҳужжатлари ҳам ўрин олган. Антонина Алексеевна Шорохованинг шахсий фонди мавжуд. А.Шорохова Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, акушер-гинеколог, профессор. Унинг фаол иштирокида Марказий Осийда биринчи марта Тахтапул дахасида 200 ўринли гинекология шифохонаси очилган. А.Шорохова илк бор республикада кесар-кесиш жаррохлигини ўтказган гинеколог сифатида тарихдда қолган. У 54 йил тиббиёт ривожи учун хизмат қилган.


Алоҳида қимматли ҳужжатлардан яна бири бу - 2-жаҳон уришида юртимизга авакуация қилинган болалар рўйхати ҳақидаги ҳужжат. Республика бўйича 23 629 нафар бола эвакуация қилинган. Улардан 1370 нафари поляк болалар бўлган. 15 та болалар уйи полякларга ажратилган.

Алишер Навоий номидаги кино сарой бугунги кунда замонавий кино мажмуаларидан бири. Мазкур киносарой 1964 йилда қурилган Марказий Осиёдаги биринчи кўп залли кинотеатрлардан бири бўлган. Ҳозирги кунда ушбу саройнинг лойиҳавий ҳужжатлари архивда сақланяпти.

Кўргазмада яна бир тарихий аҳамиятга эга бўлган хужжат, яъни буюк саркарда Амир Темур қабрининг очилишида иштирок этиб, А.Темурнинг суяклари асосида тадқиқот ишларини олиб борган машҳур олим С.А.Молчановнинг илмий ишлари ва саркарда суякларининг рентген суратлари алоҳида эътиборни тортди. Ҳаммага маълум 1941 йила буюк саркарда Амир Темурнинг қабри очилган. Ўша вақтда суяк қолдиқлари Тошкентга олиб келинган.

Саркарданинг суяк қолдиқлари асосида тадқиқот ўтказган машҳур олим С.А.Молчанов Амир Темурнинг касаллик тарихи номли катта мақола ёзган. Ушбу мақола ва саркарданинг суяк қолдиқлари рентген тасвирлари ҳам мазкур архивда сақланяпти.

1941 йилда ҳозирги Тиббиёт академиясини тамомлаган талабаларни урушга жалб қилингани ҳақидаги маълумотлар ва расмлар.


“COVID-19 ГА ДОИР ИЛМИЙ КОЛЛЕКЦИЯ ТАШКИЛ ҚИЛИНЯПТИ”
“Ўзархив” агентлиги матбуот хизмати раҳбари Анваржон Алиевнинг берган маълумотига кўра, бугунги кунда республика бўйича жами 16 млн. сақлов бирлигидан зиёд архив ҳужжатлари сақланади.
— Жумладан, 8 млн. 800 сақлов бирлигидаги Миллий архив фондига тегишли бўлган тарихий, илмий, маданий, ижтимоий-сиёсий нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга ҳужжатлардир. Сақлов чегараси IX асрдан бошланган бўлиб, бугунги кунга қадар доимий равишда тўлдириб борилади. Деярли ҳар куни республика бўйича архив ҳужжатлари қабул қилинади ва қимматлилик даражасига қараб сараланади. Бу йил алоҳида илмий коллекция ташкил қилиняпти. Яъни, Covid-19 га доир бўлган ҳужжатлар архивларга қабул қилиниб, республика комиссияси баёнига кўра, Covid-19 коллекцияси ҳам шакллантириб бориляпти.

Президентимизнинг 2019 йил 20 сентябрдаги Архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Фармон ва Қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2025 йилгача архив ишини ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир дастурлар қабул қилинган. Дастурга мувофиқ, Ўзбекистон Миллий архиви биноси, Наманган вилоят давлат архиви бирноси янгитдан қурилиши, ҳудудлардаги 7 та давлат архивларини реконструкция қилиш, республика бўйича вилоят марказларидаги архивларда алоҳида 12 та сақлов хоналар ташкил қилиш белгиланган.

Рақамлаштириш суръатини ошириш мақсадида Дастурга мувофиқ, миллий архивларда 30 та, ҳар бир вилоятда 10 та янги рақамлаштириш сектори янгитдан ташкил этилади. 2020 йил 1 январдан шакллантириладиган ҳужжатларни давлат архивларига топширишда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилот, корхона, муассасалар ҳужжатларни нафақат қоғоз, балки электрон асосини ҳам топшириши белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 495-сонли Қарорига мувофиқ, архив ишига доир бўлган баъзи бир норматив регламентларни тасдиқлашга доир бўлган ҳужжат қабул қилинди. 2020 йилдан иш ҳақи, меҳнат стажи, олий ва ўрта махсус таълимни олганлиги тўғрисидаги маълумотларни олиш онлайн шаклга ўтказилди. Эндиликда пенсияга чиқаётган фуқаро ҳужжатларини расмийлаштиришда аввалгидек архивга бориши талаб этилмайди. Фуқаро Давлат хизматлари агентлиги ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Кўпинча фуқаролардан “фалон ташкилотда ишлагандим, архивдан фалон йиллик иш стажларим ҳақидаги маълумотлар топилмади”, мазмунидаги саволларга кўп тўқнаш келамиз. Таъкидлаш жоиз, пенсияга чиқаётган фуқароларнинг охирги 10 йиллик иш стажидаги уларга мақбул бўлган 5 йиллик даври олинади.
Масалан, 2005 йилдан ҳисобласак, 15 йиллик даврдаги фуқаронинг иш стажи ҳақидаги ҳужжатларни Пенсия жамғармаси тўғридан тўғри Халқ банкидаги фуқароларнинг пенсия тўпланмалари жамғармаси орқали 2016 йилдан кейинги даврдаги маълумотларни эса Солиқ қўмитаси орқали аниқлаш мумкин.

Пресс-тур сўнгида иштирокчиларга эсдалик совғалари ҳам топширилди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист
Фотомухбир: Омил ХАКИМОВ





