АсосийЖАМИЯТ

Украина уруши Ким Чен Ин хазинасини тўлдирди: Шимолий Корея 22 миллиард доллар ишлади

Россия билан ҳарбий ҳамкорлик, Хитой билан савдо ва криптовалюта ўғирликлари Шимолий Корея ташқи даромадининг кескин ошишига хизмат қилди.

'Украина уруши Ким Чен Ин хазинасини тўлдирди: Шимолий Корея 22 миллиард доллар ишлади'ning rasmi

Шимолий Кореянинг ташқи даромади 2022–2026 йиллар оралиғида 22 миллиард долларга етди. Бу аввалги тўрт йиллик кўрсаткичга нисбатан қарийб тўрт баравар кўп. Бу ҳақда Bloomberg Economics таҳлилига таяниб, Bloomberg хабар берди.

Қайд этилишича, ҳисоб-китоблар савдо статистикаси, разведка маълумотлари, сунъий йўлдош тасвирлари ҳамда бошқа манбалар таҳлили асосида тайёрланган.

Bloomberg Economics таҳлилчиларига кўра, мазкур ўсиш Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг қарийб 15 йиллик ҳокимияти давомида мамлакат тарихидаги энг йирик молиявий имкониятлардан бирига эга бўлганини англатади.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, ташқи даромаднинг асосий қисми Россияга қурол-яроғ етказиб бериш ва Россия ҳудудига Шимолий Корея ҳарбийларини жойлаштириш билан боғлиқ. Мутахассислар бу даромадни Пхеньян учун «лотерея ютуғи» деб баҳоламоқда.

Шу билан бирга, Хитой билан иқтисодий алоқалардан тушадиган даромад ҳам сезиларли ошган. Bloomberg маълумотларига кўра, Шимолий Корея учун яна бир муҳим молия манбаи хакерлик фаолияти бўлиб қолмоқда.

TRM Labs маълумотига кўра, ҳозирда дунёда содир этилаётган криптовалюта ўғирликларининг тахминан 70 фоизи Шимолий Кореяга алоқадор хакерлар ҳиссасига тўғри келади. Солиштириш учун, 2017 йилда бу кўрсаткич 30 фоизни ташкил этган.

Жанубий Корея маълумотларига кўра, ўтган йили Шимолий Корея иқтисодиёти 3,5 фоизга ўсган. Bloomberg таъкидлашича, даромадлар ошиши мамлакатдаги кундалик ҳаётда ҳам ўз аксини топган. Сўнгги йилларда қурилиш ишлари фаоллашган, смартфонлар сони кўпайган, озиқ-овқат етказиб бериш ва такси хизматлари кенгайган.

Шунингдек, таҳлилчилар Хитойдан импорт қилинаётган маҳсулотлар таркиби ҳам аҳоли фаровонлиги нисбатан ошганидан дарак бераётганини қайд этмоқда. Жумладан, Шимолий Корея спорт анжомлари, видео ўйинлар ва бошқа дам олиш товарларининг йирик харидорларидан бирига айланган.

    Бошқа янгиликлар

    Украина уруши Ким Чен Ин хазинасини тўлдирди: Шимолий Корея 22 миллиард доллар ишлади - Darakchi.uz