АсосийЖАМИЯТ

Пресс-тур: жиззахликларнинг қанча кўмир маҳсулотига эҳтиёжи бор?

Жорий йилнинг  23 декабрь куни Энергетика вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда "...

'Пресс-тур: жиззахликларнинг қанча кўмир маҳсулотига эҳтиёжи бор?'ning rasmi

Жорий йилнинг  23 декабрь куни Энергетика вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда "Ўзбекўмир" АЖ томонидан Жиззах вилоятига пресс-тур ташкил этилди. Бу йил қиш барвақт бошланиб, кунлар бирданига совуб кетиши аҳолининг электр энергияси, табиий газ ва кўмир маҳсулотига бўлган талабини ҳам кескин ошириб юборди. Ана шуни ҳисобга олиб, ҳукумат томонидан мутасадди вазирлик ва давлат ташкилотлари зимммасига энергия тақчиллигини бартараф этиш юзасидан қўшимча вазифалар юклатилган эди.  Ўтган қисқа вақт давомида республикамизнинг қатор вилоятларида энергия тақчиллиги бўйича юзага келган муаммолар тўла бартараф этилди. Хусусан, республика аҳолисига тасдиқланган режадан ташқари қўшимча 149 минг тонна кўмир етказиб берилди. Шу муносабат билан ташкил этилаётган пресс-турда журналистлар бу борада амалга оширилаётган ишлар билан Жиззах вилояти мисолида  таништирилди.

13 629 тонна: аҳоли эҳтиёжи қаердан кондириляпти?

Маълум қилинишича, Жиззах вилоятида 29 113 тонна кўмир ва кўмир маҳсулотларига талаб мавжуд. Шунинг 15 484,1 тоннаси ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжларини ташкил этиб, бугунги кунда ушбу белгиланган режа 101 фоизга бажарилди ва мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, поликлиникалар ва бошқа муассасалар қаттиқ ёқилғи билан таъминланган. Вилоят аҳолисининг кўмирга бўлган эҳтиёжи 13 629 тонна бўлиб, барчаси маҳаллий кўмир ҳисобига қондириш режалаштирилган. Бугунги кунда “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан “Кўмир таъминот” МЧЖ вилоят филиалига қарашли олтита омборга етказиб берилган маҳаллий кўмир ҳажми 14 117 тоннадан ортди. Ушбу маҳсулотнинг 12 017 тоннаси аҳоли томонидан сотиб олинган. Омборларда 2 100 тонна кўмир захираси мавжуд.

Республика учун йилига 6 миллион тоннадан ортиқроқ кўмир керак

Ҳисоб-китобларга кўра, республика учун йилига 6 миллион тоннадан ортиқроқ кўмир керак. Жорий йилда “Ўзбеккўмир” АЖ ана шу талабнинг 3 миллион 850 минг тоннасини етказиб бермоқда. Эҳтиёжга яраша кўмир қазиб олиш учун очиқ конда кўмир устки қатламини очишни жадаллаштириш асносида 2021 йилда 4 миллион 450 минг тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган. Кўмирга бўлган талабини қондириш учун «Апартак» очиқ конини ривожлантириш ва келгуси йилда кўмир қазиб олишни 2,5 бараварга ошириш ҳамда ялпи 1 млн. тоннага етказиш режалаштирилмоқда.

Маҳсулот реализацияси бўйича

Кўмир маҳсулоти аҳоли ва бюджет ташкилотларига янги ташкил этилган «Кўмир таъминот» МЧЖ томонидан ҳудудлардаги мавжуд 91 та омбор орқали реализация қилинмоқда. Қайд этиш керак, пандемия даврида ушбу омборларни асосий воситалари билан «Ўзтемирйўлёнилғитаъмин» бошқармасидан «Кўмир таъминот» МЧЖ балансига ўз вақтида қабул қилиб олиш имкони бўлмади. Шу боис, аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир тарқатиш ишлари август ойидан бошлашга тўғри келган.

Сифатли кўмир деганда нимани тушуниш лозим?

Мутахассиснинг маълум қилишича, сотиб олинган кўмирнинг ўз инкубация даври ва сақлаш талаблари мавжуд. Тахминан 20 кундан кейин ҳар қандай кўмир ҳам очиқ ҳавода қолса, кун сайин ўз хусусиятларини йўқота бошлайди. Қаттиқ ёқилғининг сифати бузилмаслиги учун уни махсус омборларда, устидан сувоқ қилган ҳолда сақлаш тавсия этилади. Очиқ ҳавода қолган кўмир қуриб, уқаланиб кетиши табиий. Бинобарин, «Ўзбеккўмир» АЖ аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига берилган кўмирнинг сифатли сақланишига жавобгарликни ўз зиммасига олмайди.

Пресс-тур доирасида журналистлар Зарбдор туманида “Зарбдор кўмир омбори” тумандаги 9-сонли мактабгача таълим муассаси, 16-мактабнинг кўмир билан таъминланганлиги ва иситиш тизими ҳамда Жиззах шаҳридаги “Кўмир таъминот” МЧЖ вилоят филиалида бўлишиб шароитлар билан яқиндан танишишди.

 

 

                                                                                                                                                                 Марям САТТОРОВА

                                                                                                                                                            "Даракчи" мухбири

    Бошқа янгиликлар