Аввал хабар берганимиздек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан журналистлар учун соҳадаги лойиҳалар билан яқиндан таништириш мақсадида Бухоро вилоятига пресс-тур ташкил қилинди.

Пресс-тур давомида Газли газни қайта ишлаш заводининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев тадбирда сўзга чиқиб, шу кунга қадар бор-йўғи биттагина йўналиш бўйича иш олиб борган Газлидаги объектни бугун катта, яъни 5 йуналишда газни қайта ишлаш тизимини ўзида мужассам этган завод мақомида иш бошлаганини қайд этди.

— Тарихга назар ташласак, Газли ҳудудида йирик газ кони ўтган асрнинг 50-йилларида очилган бўлиб, дастлабки газ заҳираси, деярли, 500 млрд. куб метрни ташкил қилган. 1962 йилда конни ўзлаштириш бошланиб, табиий газ Бухоро-Урал газ қувури орқали Россияга жўнатилган.
Ҳозирда Газли минтақасининг мавжуд газ заҳираси 182 млрд. куб метрни ташкил қилади. 2017-2020 йиллар мобайнида ушбу ҳудудда олиб борилган геология қидирув ишлари натижасида 8 та янги газконденсати конлари очилди (Тўмарис, Жанубий Кульбешкак, Андакли, Шорқум, Шортак, Шарқий Хатар, Ўртақум, Жанубий Оққум). Бу йўналишда ишлар давом эттирилмоқда.
Углеводородларни қазиб чиқариш йўналишида ҳам самарали иш олиб борилмоқда.
Жумладан, 2020 йилда табиий газ қазиб чиқариш 33,6 млрд куб метрни (ўсиш 100,3 фоиз), газ конденсати – 1 миллион 415 минг тонна (режага нисбатан – 99,4 фоиз), нефть – 204,0 минг тоннани (108,0 фоиз) ташкил этиши кутилмоқда.
Бунинг учун 121 та янги қудуқлар бурғуланди ва ишга туширилди, 600 та қудуқлар мукаммал ва жорий таъмирланди хамда интенсификация қилиш ишлари амалга оширилди, 42 та технологик объектлар қурилди.
Биз келгуси йилда углеводород қазиб чиқариш кўрсаткичларини янада ошириш бўйича ишлаяпмиз. 2021 йилда табиий газ қазиб чиқариш ҳажми 33,9 млрд куб метрни ташкил этиши кутилмоқда.
2021 йилда Муборак минтақасида Алан, Зеварда, Денгизкўл конларида сиқув компрессор станцияси фойдаланишга топширилади. Бўзахур ва Тандирча конларида сиқув компрессор станцияларини қуриш бошланади.
Мазкур кўрсаткичларни таъминлаш учун 164 та янги қудуқлар бурғуланади, 600 та қудуқлар мукаммал ва жорий таъмирланади, 25 та технологик объектлар қурилади, модернизация ва реконструкция қилинади.
Мураккаб геологик шароитга эга ва унумдорлиги паст бўлган нефть ва газ конлари инвентаризацияси натижасида 25 та кон (131 қудуқ) аниқланди. Ушбу конларни риск-сервис шартномалари асосида етакчи компанияларга углеводород қазиб чиқаришни ошириш учун бериш жараёни бошланди.
Шунингдек, 2020 йилда табиий газ захираси 20 млрд куб метрга (қўшимча – 2 млрд куб метр), газ конденсати заҳираси 620 минг тоннага (20 минг тонна) ўстирилди. 2021 йилда табиий газ заҳирасини 35 млрд куб метрга (ўсиш 175 фоиз), газ конденсати заҳирасини 900 минг тоннага (150 фоиз) ўстириш режалаштирилган.
Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун 50 та қудуқлар бурғуланади, 19 та янги майдонлар бурғулашга киритилади. Давлат геология қўмитаси томонидан 2021 йилда излов бурғилаш ишларини олиб бориш учун “Ўзбекнефтгаз” жамиятига 15 та янги майдонлар тақдим этилди.




