ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизматининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг 13 январь куни соат 11:00ларда Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Фозилтепа кўчасидаги "Боғишамол" истироҳат боғи рўпарасида масофани сақламаслик оқибатида 5 та автомобиль бир-бири билан тўқнашди.
1999 йилда туғилган ҳайдовчи И.Ф. "Матиз" русумли автомобилида ҳаракатланаётиб оралиқ масофани сақламаганлиги оқибатида светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган ҳайдовчи, 1992 йилда туғилган Х.Р. бошқарувидаги "Дамас" русумли автомобилга урилган. Зарб оқибатида "Дамас" ўзидан олдинда тўхтаб турган ҳайдовчи, 1988 йилда туғилган А.А. бошқарувидаги "Матиз"га, зарб оқибатида "Матиз" ўзидан олдинда тўхтаб турган ҳайдовчи, 1992 йилда туғилган Ш.Я. бошқарувидаги яна бир "Матиз"га, ушбу "Матиз" эса ўзидан олдинда тўхтаб турган ҳайдовчи, 1978 йилда туғилган Ш.И. бошқарувидаги "Нексия" русумли транспорт воситасининг орқа томонига тўқнашган.



ЙТҲ натижасида масофа сақламаган "Матиз" русумли автомобиль ҳайдовчиси 22 ёшли И.Ф. ва "Дамас" русумли автомобиль ҳайдовчиси 29 ёшли Х.Р.ларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.






