Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги аҳолига кўрсатиладиган марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари учун янги тарифларни жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Таклифга кўра, янги тарифлар 2026 йил 1 ноябрдан жорий этилиши мумкин.
Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, Тошкент шаҳрида аҳоли учун қуйидаги тарифлар белгиланиши таклиф қилинмоқда:
-
Иситиш — иситиладиган майдоннинг ҳар бир квадрат метри учун кунига 314 сўм. Ҳозирда бу сумма 241,44 сўмни ташкил этади.
-
Иссиқ сув (ҳисоблагич орқали) — бир куб метр учун 11 607 сўм. Амалдаги тариф 8 928,67 сўм.
-
Иссиқ сув (ҳисоблагичсиз) — бир киши учун ойига 45 330 сўм.
-
Иссиқлик энергияси — бир Гкал учун 206 636 сўм. Ҳозирда бу тариф 156 643 сўм.
-
Умумий душхонаси бўлган ётоқхоналарда иссиқ сув — бир киши учун ойига 33 720 сўм.
Лойиҳада ушбу тарифларнинг тахминан 30 фоизга оширилиши назарда тутилган.
Тарифлар ҳар йили оширилиши мумкин
Ҳужжатга кўра, 2028 йилдан бошлаб аҳоли учун марказлашган иссиқлик таъминоти тарифларини ҳар йили 1 майдан индексация қилиш таклиф этилмоқда. Бунда тарифлар йиллик инфляция даражасидан келиб чиқиб, кўпи билан 10 фоизга оширилиши мумкин.
Индексация Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таклифлари асосида амалга оширилиши режалаштирилган.
Лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси 28 октябрга қадар давом этади.






