Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Пискент тумани ҳокими Музаффар Ориповнинг фермерларни ҳақоратлаб, картошка экмаса, ерларини олиб қўйиш ва «жонини суғуриб олиш» билан таҳдид қилгани айтилган аудио тарқалди. Ҳолат юзасидан туман ҳокимига ҳайфсан берилди. Бу ҳақда 13 октябрь куни вилоят ҳокими Зоир Мирзаев имзолаган фармойишда келтирилган.
Ҳужжатда Музаффар Орипов давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмагани ва касб этикасини бузгани учун интизомий жазога тортилгани қайд этилган.
9 октябрь куни ижтимоий тармоқларда ҳоким фермерлар билан йиғилишда бир неча бор ҳақоратли сўзлар ишлатгани ва уларни ерларини олиб қўйиш билан таҳдид қилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Туман ҳокимлиги ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдириб, воқеага баҳо беришда йиғилишдаги мулоқот билан бирга, муҳокамага сабаб бўлган масала ва белгиланган вазифаларни ҳам инобатга олиш лозимлигини маълум қилган.
Ҳокимликка кўра, 2 июль куни фермерлар учун картошка экиш, серҳосил навларни танлаш ва белгиланган вазифалар ижросига бағишланган амалий семинар ўтказилган. 18 июль куни эса айрим фермерлар режа асосида картошка экмагани, ғалладан бўшаган ер майдонларини бошқа шахсларга сотгани ва уларда ҳам картошка етиштирилмагани юзасидан танқидий йиғилиш ўтказилган.
Ҳокимлик муносабатида ер фермернинг хусусий мулки эмаслиги, ундан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш кераклиги таъкидланган. Шу билан бирга, белгиланган вазифаларнинг долзарблиги йиғилишдаги ҳар қандай муомала шаклини оқламаслиги, фермерларнинг ҳуқуқлари ва аҳоли манфаатлари бирдек ҳурмат қилиниши шартлиги қайд этилган.
Шунингдек, йиғилишдаги муомала ва телефонлар олиб қўйилгани ҳақидаги даъволарни ҳам далиллар асосида холис ўрганиш зарурлиги билдирилган. Ҳодисадан сўнг Фермерлар кенгаши прокуратурага мурожаат қилган, Бизнес-омбудсман эса суриштирув бошлагани хабар қилинган.






