1

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Мадридда БТТ Бош котиби билан муҳим келишувларга эришди

СИЁСАТ 20.01.2021, 08:05
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Мадридда БТТ Бош котиби билан муҳим келишувларга эришди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 18 январь куни Испаниянинг Мадрид шаҳрига хизмат сафарини амалга оширди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати хабар қилди. 

У ерда Азиз Абдуҳакимов Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БТТ) Бош котиби Зураб Пололикашвили билан учрашди. Учрашув доирасида Бош котиби туризм Ўзбекистон Президенти томонидан иқтисодиётнинг устувор йўналиши сифатида танлаб олингани, 86 давлат фуқаролари учун виза тизимининг бекор қилингани, 50 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун электрон виза олиш тизими жорий этилгани ҳамда пандемияга қадар хорижий сайёҳлар сони 5 баробарга ошгани алоҳида таъкидланди. 

Шу билан бирга, коронавирус пандемияси даврида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан туризм соҳасидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тизими, уларга берилаётган имтиёзлар ҳамда 2021 йил якунига қадар амалда бўлган қарорлар минглаб иш ўринларини сақлаб қолиш бўйича ибратли ташаббус сифатида эътироф этилди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистонда йўлга қўйилган махсус “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” (“Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланади”) тизими ҳам юксак эътироф этилди. Шу ўринда Зураб Пололикашвили дунё миқёсида фақат БАА, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон пандемия даврида ҳам туризм соҳасига энг кўп маблағ ажратгани ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда давом этганини қайд этди. Азиз Абдуҳакимов Мадриддаги учрашув доирасида UNWTO Бош Ассамблеяси XXV сессиясини 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди. 

Азиз Абдуҳакимов, ўз ўрнида, Ўзбекистон ҳукумати номидан БТТ Бош котибига яқин ҳамкорлик ҳамда турли халқаро тадбирларни Ўзбекистонда ўтказиш ва юртимизда бўлаётган туризм янгиликларини ўз платформалари орқали кенг тарғиб қилишда ёрдам бераётгани учун ўз миннатдорлигини билдирди. Учрашув якунига кўра, БМТ Бош котиби 2021-2023 йиллар давомида Ўзбекистон номзодини БТТ Ижроия кенгашига аъзолигини шахсан қўллаб-қувватлаши ва бу борада барча ёрдам кўрсатишга тайёр эканини таъкидлади. Шунингдек, UNWTO томони 2023 йилда БТТ Бош Ассамблеяси XXV сессиясини Самарқанд шаҳрида юқори савияда ўтказилишига ишонч билдирди. Бундан ташқари, туризм соҳасидаги инвесторлар учун “Global Tourism Investment Forum” халқаро форумини ташкил қилиш ва тадбирни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ҳудудида ўтказишга келишиб олинди. Томонлар шунингдек "Ипак йўли" туризм халқаро университетига юқори малакали профессор-ўқитувчиларни жалб этиш ва долзарб йўналишларда кадр тайёрлаш учун замон талабидаги ўқув дастурлари яратишга келишиб олишди. Ёшлар туризми дастурлари доирасида халқаро тадбирлар ташкил этиш ва хориждаги тадбирларга ўзбек ёшларини таклиф этишга оид келишувларга эришилди, дейилади хабарда. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1