Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Биринчи хоним Зироат Мирзиёева 1 август куни Қирғизистоннинг Иссиқкўл соҳилида сув-мотор спорти бўйича Қирғизистон Гран-присининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент матбуот хизмати маълум қилишича, тадбир Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви дастури доирасида ўтказилган. Давлат раҳбарлари мусобақа иштирокчилари ва меҳмонларни қутлаб, спортчиларга омад тилади.
Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева билан бирга спортчиларнинг саралаш баҳсларини ҳам кузатди.

Маълумот учун, Қирғизистон Гран-приси Халқаро сув-мотор спорти федерацияси ҳомийлигида ўтказилаётган F1H2O жаҳон чемпионатининг иккинчи босқичи ҳисобланади. "Сувдаги Формула-1" сифатида танилган ушбу мусобақада ҳар йили турли мамлакатлардан профессионал жамоалар ва спортчилар иштирок этади.

Бу жаҳон чемпионати босқичи Марказий Осиёда илк бор ташкил этилмоқда. Мусобақа дастуридан машғулотлар, саралаш пойгалари ва соатига 220 километрдан ортиқ тезликда ҳаракатланувчи қайиқлар иштирокидаги асосий пойга ўрин олган.







