АсосийСИËСАТ

Тошкент вилоятида аёл гўдак таглигига олтин яшириб, олиб чиқишга уринди

Ҳолатларда вояга етмаган болалардан фойдаланилган.

'Тошкент вилоятида аёл гўдак таглигига олтин яшириб, олиб чиқишга уринди'ning rasmi

Тошкент вилоятида олтин ва хорижий валютани ноқонуний равишда олиб чиқишга бўлган уринишлар аниқланди. Ҳолатларда вояга етмаган болалардан фойдаланилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, Тошкент вилоятидаги "Навоий" чегара божхона постида мамлакатдан чиқиб кетаётган аёллардан бири шубҳа уйғотган. Текширув давомида унинг гўдак фарзанди таглигига яширилган қарийб 200 грамм оғирликдаги икки дона олтин қуйма аниқланган.

Шунингдек, мазкур шахснинг ёнидан божхона назоратига тақдим этилмаган 70 грамм заргарлик буюмлари ҳам топилган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний равишда олиб чиқишга уринилган олтин буюмларнинг умумий қиймати 450 миллион сўмга баҳоланмоқда.

Яна бир ҳолатда эса қўшни давлат фуқароси бўлган аёл 14 ёшли қизининг кийимлари остига 40 минг АҚШ долларини яшириб, Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқишга уринган вақтида божхона ходимлари томонидан тўхтатилган.

Божхона қўмитаси вояга етмаганларни ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш қонунчиликка кўра жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланишини эслатди. Шунингдек, болаларни жиноят содир этишга жалб қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

    Бошқа янгиликлар