Маълум қилинишича, жорий йилнинг январь–июнь ойларида жамият томонидан 11,5 миллиард куб метр табиий газ қазиб чиқарилган. Шунингдек, нефть, дизель ёнилғиси, авиакеросин ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмлари прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлган.
Йил охирига қадар “Ўзбекнефтгаз” томонидан 1 миллион 100 минг тонна автобензин, 983 минг тонна дизель ёнилғиси, 310 минг тонна авиакеросин, 606 минг тонна суюлтирилган газ ҳамда қарийб 1 миллион 180 минг тонна синтетик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Йиғилишда дунёдаги геосиёсий вазиятнинг ўзгариши фонида Марказий Осиё йўналишида авиақатновлар сони ортиб бораётгани ҳам қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистонга амалга оширилаётган авиарейслар сони 2025 йилга нисбатан кўпайган.
Шу муносабат билан жорий йил июль–декабрь ойларида авиакеросинга бўлган талаб 375 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга кўпдир. Талабнинг асосий қисми маҳаллий нефтьни қайта ишлаш заводлари ҳисобига таъминланиши режалаштирилган.
Айрим ҳамкор давлатларда нефть маҳсулотлари экспортига чекловлар жорий этилгани сабабли муқобил манбалардан, жумладан, Грузия, Ироқ ва бошқа мамлакатлардан авиакеросин импорт қилиш ишлари йўлга қўйилган.
Шунингдек, геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида “Ўзбекгеофизика” акциядорлик жамиятини модернизация қилиш режалари ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, кон-геофизика ускуналарини янгилаш ва замонавий дала 3D сейсмик мажмуасини харид қилиш учун 38,8 миллион доллар йўналтирилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, АҚШнинг “Schlumberger” компанияси билан ҳамкорликда сейсмик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Марказда замонавий суперкомпьютер мажмуаси ўрнатилиб, сейсмик тадқиқотларда сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади.
Ушбу чоралар натижасида 3D сейсмик тадқиқотлар майдонини йиллик 1 минг 800 квадрат километрдан 5 минг квадрат километрга, тадқиқот чуқурлигини эса 4,5 минг метрдан 8 минг метрга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, истиқболли геологик тузилмалар сонини 19 тадан 30 тага ошириш мақсад қилинган.
Йиғилишда қудуқлар қурилишида замонавий технологияларни жорий этиш, жумладан, юқори ҳарорат ва босимга чидамли материаллардан фойдаланиш, ультратовушли каротаж, реал вақт режимидаги геофизик назорат ҳамда горизонтал бурғилаш усулларини кенг қўллаш вазифалари белгиланди.
Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини нефть маҳсулотлари билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, тармоқ корхоналарини технологик янгилаш, энергия самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва белгиланган вазифалар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берилди.






