АсосийСИËСАТ

Урганчда ёшлар замонавий касбларга ўқитилади

Президент Шавкат Мирзиёев Урганч шаҳридаги Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми ҳамда унинг ҳудудида ташкил этилган Касблар шаҳарчаси фаолияти билан танишди.

'Урганчда ёшлар замонавий касбларга ўқитилади'ning rasmi

Хоразм илғор касбий маҳорат техникуми замонавий меҳнат бозори талабларига мос, амалий кўникмага эга мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган. Муассасани барпо этиш учун давлат бюджетидан 72,4 миллиард сўм ажратилган. 5,2 гектар майдонда 1 минг 100 ўринли иккита ўқув биноси, 300 ўринли ётоқхона, спорт зали, 200 ўринли ошхона ҳамда замонавий жиҳозланган иккита ўқув устахонаси ташкил этилган.

Техникумда Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой ва Жанубий Кореянинг илғор таълим дастурлари асосида ўқитиш йўлга қўйилган. Шунингдек, дуал таълим орқали назарий билимларни ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштиришга эътибор қаратилмоқда.

2026–2027 ўқув йили учун 11 та касб йўналиши бўйича 200 нафар иқтидорли ёш имтиҳон асосида саралаб олинган. Таълим жараёни иш берувчилар билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, битирувчиларни эгаллаган касби бўйича иш билан таъминлаш мақсад қилинган.

Касблар шаҳарчасида эса ёшларнинг қизиқиши ва қобилиятини эрта аниқлаш, уларни замонавий касбларга йўналтириш учун шароит яратилган.

Бу ерда “Ўзинг ясаб кўр” тамойили асосида ўқувчилар турли замонавий ускуналарда ишлаб, амалий кўникмаларни эгаллайди. Транспорт ва логистика, саноат ва қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги ҳамда “яшил” энергетика каби меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлар қамраб олинган.

Давлат раҳбари ёшларни замонавий меҳнат бозори талаб қилаётган касбларга сифатли ўқитиш, таълим дастурларини иш берувчилар эҳтиёжига мослаштириш ва ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар

    Урганчда ёшлар замонавий касбларга ўқитилади - Darakchi.uz