– Омбудсман инсон ҳуқуқларига жавобгар бўлган ягона институт эмас, бунда ҳар бир депутатнинг масʼулияти бор. Чунки унга келиб тушган мурожаат бевосита қайсидир депутатнинг округига тегишлидир. Шу боис, ҳамкорликда ишласак, Омбудсманнинг халқимиз кутган натижаларга эришишига ёрдам берган бўламиз, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Aлишер Қодиров қуйи палатада бўлиб ўтган фракция йиғилишида. Бу ҳақда ЎзМТДП Марказий кенгаши Aхборот хизмати ёзмоқда.

Депутатлар дастлаб Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – омбудсманнинг 2020 йилги фаолиятини кўриб чиқди. Жумладан, омбудсман Феруза Эшматованинг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, ваколатлари кенгайтирилди. Aфв этиш ва жамоат бирлашмалари кафиллиги остида шахсларни жазодан озод қилишнинг мутлақо янги тизими жорий этилиши натижасида Жаслиқдаги жазони ижро этиш колонияси ёпилди, маҳкумлар сони эса 2,5 бараварга камайди. Болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилди. Гендер тенглиги таъминланмоқда. Энг муҳими, сўз эркинлиги қарор топди. Ўзбекистон диний эркинлик бўйича “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилди ва бу юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётганининг халқаро эʼтирофидир.

“Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишга доир қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу лойиҳада тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаларини тегишли органсиз расмийлаштириш назарда тутилган.
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги томонидан 2018-йилда 13701 та ва 2019-йилда 24005 та тан жароҳати билан боғлиқ бўлмаган йўл-транспорт ҳодисаси расмийлаштирилган. Суд томонидан эса уларнинг ҳар бири учун камида бир ой вақт сарфланяпти ва бу ўз навбатида одамларнинг ортиқча сарсон бўлиши, қўшимча харажатлар қилишига сабаб бўляпти. Шу боис, ушбу лойиҳа тайёрланди.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳаси ортиқча қоғозбозлик, овворагарчиликка чек қўйишини эʼтиборга олиб, биринчи ўқишда маъқулладилар.
Мамлакатимизда сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги амалда таъминланди. Aммо айрим веб-сайтлар, блогерларнинг шахс ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳатто бузғунчилик ғояларини тарғиб қилувчи, адоват қўзғатувчи маълумотлар тарқатилмоқда ва бу аҳборот тарқатиш масʼулияти ва унинг оқибатлари бўйича жавобгарликни кучайтириш заруратини келтириб чиқаряпти.
Фракция йиғилишида депутатлар айнан ушбу масалада ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Ушбу масала бўйича сўзга чиққан фракция аъзоси Умиджон Жабборов бундай ахборотларнинг тарқалишига нисбатан тақиқ ўрнатилган AҚШ, Туркия, Россия тажрибаси, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенсияси ўрганилганини таъкидлади.
Фракция йиғилишида партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди. Йиғилишни партиянинг ҳудудий кенгашлари ва маҳаллий депутатлар ҳам масофадан кузатдилар.





